Халқаро фан олимпиадаларига тайёргарлик борасида

Мустақилликка эришгач, ҳукуматнинг спортга бўлган юксак муносабати Ватанимизни оламга танитишда сезиларли ўрин тутаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ажратилаётган маблағ, кўрсатилаётган эътибор ўз натижасини беряпти. Спортнинг кўп турлари бўйича Ватанимиз спортчилари дунёда ўз ўрнига эга бўлди.

Бу йўналишдаги ишларни давомлаган ҳолда энди фан йўналишига ҳам эътиборни кучайтириш пайти келди, менимча. Спортдан фарқли ўлароқ, фан Ватанни дунё кенг оммаси орасида машҳур қилолмайди. Лекин фан олимпиадаларида эришилган ютуқлар дунёнинг зиёли қатлами ичида Ўзбекистон номини нафақат танитиш, балки уни юқори мартабада эканлигига ҳам далолат бўла олади. Зеро, дунёдаги ҳамма давлат ҳам ўзининг "ақлли каллалари" билан мақтана олмайди.

Ўзбекистоннинг бу борадаги потенциали паст эмас. Ҳукуматнинг таълим соҳасига қаратган эътибори ва ажратилаётган маблағлари оз эмас. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ажратилган маблағларнинг жойига сарфланиши борасида жуда кўп саволлар ва эътирозлар борлиги ҳам ҳақиқат. Ҳукуматимиз бу муаммоларга ечим излаётган бўлса керак.

Мен бугун эътиборингизни қаратмоқчи бўлганим - жаҳон фан олимпиадаларида Ватанимиз вакилларининг иштироки. Афсуски, қўлимда статистик маълумотлар йўқ. Умуман олиб айтганда, бу борадаги натижаларимиз кўкрак кериб мақтанадиган даражада эмас. Лекин бу борада керакли ислоҳотлар ўтказилса вазиятни ўзгартириш имкони бор. Бунинг учун қандай ишларни амалга ошириш керак?

Менинг фикри ожизимча, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошида халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаш бўйича махсус бўлим очилиши керак. Бу бўлим турли фан йўналишлари бўйича ўтказиладиган олимпиадаларнинг вилоят ва республика босқичларини ўтказишда бош-қош бўлиб, республика босқичи ғолибларни халқаро олимпиадаларга тайёрлаш ишларини ташкиллаши керак. Республика босқичида имтиёзли ўринларни қўлга киритган қатнашчиларни ёзги дам олиш масканларида махсус тайёргарликдан ўтказиш, уларни Тошкент шаҳрида жаҳон олимпиадаларига тайёрлаш учун база яратиш керак.Бунинг учун катта маблағ талаб этилмайди. Замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланган ва интернет ресурсларидан фойдаланиш имконияти яратилган бўлса кифоя.Тажриба лабораторияларида ишлаш бўйича эса Тошкент олийгоҳлари ва академик лицей, коллежлари лабораторияларидан унумли фойдаланиш муаммо туғдирмайди. Асосий муаммолардан бири ўқувчиларни инглиз тили борасидаги билимларини кучайтириш. Бу борада инглиз тили мутахассисларидан ташқари, фан йўналиши бўйича инглиз тилини биладиган мутахассислар хизматидан ҳам фойдаланиш яхши иш беради. Халқаро олимпиадага тайёрлашда хизмат қиладиган мутахассисларга хақ тўлаш тизими йўлга қўйилиши керак. Жамоатчилик асосида ёки асосий иш жойидан мукофот бериш шарти билан жалб қилишнинг оқибати яхши натижалар сари етакламайди.

Асосий фанларни 10 та деб ҳисоблайдиган бўлсак, юқори 3 таликдан жой олган ўқувчилар сони 30 та, турли ёш босқичларини ҳисобга олганда жами 90 та ўқувчи, фан йўналиши бўйича асосий маслаҳатчилар 10 та, инглиз тили мутахассислари 3 та ва ҳаказо, жами шу 105-110 та атрофида одам бўлар экан.

Халқаро олимпиада ғолибларини тақдирлаш спортдагидан кам бўлмаслиги ҳам муҳим шартлардан бири бўлиши керак. Масалан, физика фани бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритган ўқувчи автомобиль билан тақдирланиб турилса,ўйлайманки физикага қизиқувчи ўқувчи ёшлар сафи сезиларли даражада ошади.

Ғолиб ўқувчиларнинг кейинги тақдирига ҳам бефарқ бўлмаслигимиз керак. Уларнинг билим, тажрибасидан унумли фойдаланиш, билимларини янада ошириш учун уларни дунёдаги нуфузли олий ўқув юртларига жўнатишга ҳам амалий кўмак бериш керак. Нуфузли университетларни битириб келиб, Ватанимиз илм-фани, таълим тизимига ўз ҳиссаларини қўшишларига шароит яратиш механизмларини жонлантириш керак. Бу йўналишда бир пайтлари яхши ниятларда очилган "Умид" Президент фонди, кейинчалик "Устоз" жамғармаси билан бирлашиб "Истеъдод"га айланган, ҳозирда сезиларли фаолият олиб бора олмаётган фонд ишини тубдан яхшилаш ишларини олиб бориш керак.

Хуллас, ёшларни илмга жалб қилиш фан тарғиботини сифат жиҳатдан юқори даражага кўтариш дарди билан юқоридагиларни билганимча битдим. Бу борада фикрлари, таклифлари бўлганларни коммент қолдиришга чақираман. Агар ҳамфикр бўлсангиз ФБдаги ҳаволага қўйган "лайк"ингиз кифоя. 

Комментарии

  1. Assalamu alaikum! Dolzarb mavzu, go'lib o'quvchilarning keyingi taqdiri. Men shaxsan 3-4 Matematika go'liblarini bilaman, nima deyish mumkin, o'sha salohiyatni yuqotishgan, maqsaddan chetlashishgan. Qozog'istonda bu borada yaxshi ishlar olib borilyapti. Afsuski, bizda hali qiladigan ishlar talaygina. Fikrlar uchun rahmat, sizga albatta hamfikrman.

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Ва алайкум ассалом Атабек! Ҳамфикрлигингиз учун раҳмат. Қозоғистон ҳукумати биздан ўргангани каби бизникилар ҳам улардан ўрганса ёмон бўлмайди. "Болашак" фондининг фаолиятини ўрганиб ўзимизда бошланишига магистратура ва PhD докторантурани дунёнинг нуфузли университетларида ўташ учун шароит яратадиган битта фонд очиш керак. Фонд грантини ютганларни Ватанга қайтгач керакли жойларга қўйиб, улардан максимал даражада фойдаланишни йўлга қўйиш керак. Қозоғистонда худди шу ишлар яхши йўлга қўйилган.

      Магистратура ва докторантурага кетаётган ёшларимизнинг чет элларда турли ғоя ва мафкуралар таъсирига тушиб қолишидан хавотир олмаса ҳам бўлади. Чунки бу ёшда улар ўз мустаҳкам қарашларига эга бўлиб улгуришади.

      Удалить
  2. assalom alaykum Erkin aka. fikringiz juda o'rinli va ayni paytda dolzarb. Meni qiynab kelayotgan tomoni shu sohaning davlat tomonidan etiborsiz qolgaligi, eng kamida sportga berilgan etiborchalik bo'lishi kerak edi. Menga qolsa kompleks bir tizim ishlab chiqish kerak, aytaylik halqaro alimpiadada qatnashishgacha bo'lgan yo'lni o'zida jamlagan bir jarayon. hozirgi davlatni tutayotgan yo'li maqsadsiz, bir mavhum. hatto tegishli shaxslarning o'zlari ham tiniq faxmlay olishmasa kerak qilayotga ishini.

    ОтветитьУдалить

Отправить комментарий

Популярные сообщения из этого блога

Antiqa ko'rsatuv

Таълим тизими муаммолари-2

Siyosiy gazetalar haqida