Сообщения

Сообщения за май, 2015

01-02-2015

Баъзида илм йўлига адашиб кириб қолгандек ҳис қиламан ўзимни. Ҳаётнинг майда-чуйда икир-чикирлари, тирикчилик деган "зарурат" энергиямни буткул суғуриб олаётгандек. Оиланинг тўкислиги, фарзандларнинг камолотини ўйламасдан туриб "игна билан қудуқ қазиш" оғир бўляпти. Борган сари илмда ютуққа эришганларга ҳурматим ошиб, уларнинг иродасига қойил қолиб бормоқдаман. Ўзимда ҳам шундай иродани тарбиялаб боришим керак. Бу борада Яратгандан бошқа яхши кўмакчи йўқ. Асосийси, иймонни мустаҳкамлаш керак.

Январь, 2015

Гарчи мақсадлар муштарак бўлсада, жамоадошларингнинг ҳар бирида ўз манфаатини ўйлаш ҳисси бор ва бу табиий. Жамоа бўлиб ишлашнинг энг қийин жойи шуки, умумманфаатга эришиш учун ўз шахсий манфаатларингга ҳам, жамоадошингнинг манфаатига ҳам зарар келтирмаслигинг керак. Шу пайтга қадар одамларда самимийликни қадрлаб келдим. Жамоада ҳам самимий муҳит кўп муваффақиятлар гарови деб ҳисоблайман. Вақт ўтиб бу борадаги фикрим ўзгармайди деб умид қиламан.

17-12-2014

Атрофингдаги инсонлар билан муомала қилганда, қайсидир бир жиҳати билан моддий манфаат ёки зарарга тўғри келадиган масалаларда жуда эҳтиёткор бўлиш керак экан. Пул жигардан бўлган деб бежизга айтишмаган. Бу масалаларда меъёрлашган ишончга таяниб иш кўриш маъқулроқдек туюляпти. Кўп ўйлаб, кам гапириш принципига ўтиш керак.

13-12-2014

Умринг давомида рўй берадиган воқеа-ҳодисалар бежизга рўй бермас экан. Ҳаммасидан керакли хулосалар чиқариб олиш банда учун энг мушкул вазифалардан бири экан. Қабул қилинадиган қарорлар, амаллар инсоннинг бу дунёдаги табақалардан қайсидир бирига мансуб бўлишига олиб келади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам охиратда Яратганнинг олдида ёруғ юз билан турадиган табақага молик бўлишга интилиш керак.

03-02-2014

Ўзинг фаолият кўрсатаётган муассасанинг жамоатчилик ишларида иштирок этишинг, аввало, жамоа рухини яратиш учун муҳим бўлса, бошқа томондан қаралса, ўзингнинг ижтимоий ҳаётингда ҳам муҳим ўрин тутар экан. Жамоада лидер бўлишинг шарт эмас, асосийси, сенинг ўзига хос ўрнинг бўлиши керак. Муассаса тарихида озгина бўлса-да ўз изингни қолдиришга ҳаракат қилиш керак. Ҳаётда ташаббускор бўлиб яшашнинг ҳам ўзига хос гашти бор.

15-11-2014

Илмий иш қилиш учун иқтидор қанчалик зарур? Маълум бир илмий натижаларга эришиш учун жуда кўп изланиш, қаттиқ меҳнат талаб қилинади. Менинг фикримча, иқтидорли инсон ўз устида шундай ишламаса, илмда маълум бир чўққини забт эта олмайди. Худо берган иқтидорли инсондан илм йўлида чеккан заҳмат ҳисобига ўтиб кета олади. Худо илм йўлидаги заҳматкашлардан қилсин.

07-11-2014

Фарзандларинг билимли, тарбияли бўлишини истар экансан, ўзинг улар учун намуна бўлишинг керак. Кўпинча, турли дунёвий ташвишлар сабаб болаларим билан дилдан гаплашишга вақт ажратмаган эканман. Ҳафтада бир кундалик текшириш ва вақт бўлганда номигагина ўқишларини назорат қилиш фойдасиз ҳаракатлардек туюлмоқда. Фарзандларга нисбатан ҳар қандай ҳаракат чин дилдан бўлмоғи барча томондан ҳам қаралса фойдали ва баҳайр бўлишига яна бир бор ишондим.

28-10-2014

Кун давомида қилинадиган ишларни режалаштирганда уларнинг тиғизлигига эътибор қаратиш керак экан. Инсон робот эмаски, режага қараб ишни кетма-кет бажариб кетаверса. Баъзи пайтларда озгина дам олиб, бир мунча вақтни бекор ўтказиш ҳам фойдали бўлар экан. Айниқса, илмий ишда етарли рухий тайёргарликсиз самарали ишлаб бўлмас экан. Аммо инсон кайфиятга боғланиб қолмаслиги керак. Маълум маънода кайфиятни ўзгартириш ўзимизнинг қўлимизда.