1/16/2018

28-02-2017

Бугун қишнинг охирги куни. Эртадан расман баҳор бошланади. Оманда тўрт фасл йўқ, энг камида Масқат шаҳри атрофида. Ноябрдан мартнинг ярмигача қиш, қолган пайт ёз. Қиш деганида энг юқори температура +30 градус, энг ками +15 градус. Ёз ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Ёзнинг энг иссиқ пайтини кўрмаганман. Май охиридаги +50 градус нинг ўзи менга татиган. Намлик юқори бўлгани учун ҳам +35 градус чидашнинг ўзи бўлмайди.

Лекин айни дамда об-ҳаво жуда идеал. Кўчаларни кезиб мазза қиласан. Янги ишлар қилишга илҳом оласан.

Омандаги маҳаллий аҳоли бошқа араб мамлакатларига қараганда анча муомалали. Қийинчилик кўргани билинади. Бу халқни яхшироқ билиш учун унинг бозорини, мозорини кўриш керак. Бозорнику кўриб боряпман, мозорини ҳали кўрмадим.

23-02-2017

Яқинларингга меҳрингни кўрсата билишинг ҳам муҳим экан. Туғилган кун, турли байрамларда табриклашни кўп ҳолларда ўзимга эп кўрмасдим. Негадир эриш туюлаверарди. Шунча пайт хабарлашмай, кейин бир кундагина эътиборни кўрсатиш самимий ҳаракатдек кўринмасди. Лекин адашган кўринаман, айниқса, ёши улуғ яқинларимга имкон қадар эътибор кўрсатиб туришим керак. Румий ҳазратларининг "Аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби бўл" деган ҳикматида катта маъно бор экан. Эътиборли бўлиб кўриняпсанми, демак аслинг ҳам шундай бўлиши керак. Аслингда уларга катта меҳринг борми, уни кўрсатиш ҳам керак экан.

22-02-2017

Кундан-кунга фикрлашим турли эврилишларга юз тутмоқда. Лекин бу муқимлик характерига эга бўлмаган эврилишлар. Бундай ҳолатнинг биргина яхши томони маълум бир масалага турли томондан қарашни ўргатишидир. Бу борада менинг фикрим мутлақдир деган принципиалликни ёқтирмайман. Инсонда самимийлик устун бўлиши керак. Маълум бир дунёвий мақсадларга эришиш учун стратегия қўллаб ўзликдан кечмаслик керак.

2/22/2017

17-11-2016

Бу ерда дарс беришнинг қийин томонлари аста-аста кўриниб бормоқда. Бир вақтнинг ўзида илмий тадқиқотлар олиб бориш қанчалар қийин эканлигини сезяпман. Лекин барибир ўзимиз билан таққослаганда шароит бу ерда анча яхши. Вақт тақсимотини тўғри қилинса, муваффақиятга эришса бўлади.

05-11-2016

Ёзиш борган сари қийинлашиб бормоқда. Бунга ҳафсала йўқлиги сабабмикан ёки ёзишга мавзу қолмаганмикан?

Охирги ойларда сиёсий шокни бошдан ўтказганим учун ҳам балки ёзишдан кўнглим қолгандир. Бунинг оқибати ҳайрли бўлади деб умид қиламан. 

5/27/2016

Президент қарорига муносабат

2016 йилнинг 26 май куни 2016/2017 ўқув йили учун қабул квоталари аниқланди. Бу сафарги қарор сал бошқача. Бунда олий таълим тизимимизни ислоҳ қилишга оид бошқа масалалар ҳам кўтарилган бўлиб, қарорнинг тўла матни билан мана бу ҳаволада танишишингиз мумкин.

http://xs.uz/index.php/uzhzhatlar/item/7662-2016-2017-uv-jilida-zbekiston-respublikasining-olij-ta-lim-muassasalariga-ishga-abul-ilish-t-risida


Мен эса фикр билдирмоқчи бўлган қисмининг матнини қуйида келтириб ўтаман:

Қарорнинг тўртинчи банди:
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда: 
  • жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи университетлар ва олий ўқув юртлари билан қалин ҳамкорлик доирасида кенг кўламда иштирок этган ҳолда 2016/2017 ўқув йили бошлангунга қадар барча ўқув режалари ва дастурлари тубдан қайта ишлаб чиқилишини ниҳоясига етказишни таъминласин, фанларни ўқитишнинг эскирган, умрини ўтаб бўлган ёндашув ва услубларидан батамом воз кечишни, бакалавриат ва магистратурада жаҳон фани ва илғор педагогик технологияларнинг замонавий ютуқларига асосланган янги ўқув режалари ва дастурларини жорий этишни, шунингдек, таълим жараёнида уларни амалга ошириш ҳамда олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш учун биринчи навбатда фундаментал ва техник мутахассисликлар бўйича етакчи хорижий олимлар ва ўқитувчиларни жалб этишни назарда тутсин;
  • олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари фаолиятига баҳо беришда ва моддий рағбатлантиришда уларнинг хорижий тилларни қай даражада эгаллаганлигига ҳамда замонавий педагогик, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини ўқув жараёнида қўллай олиш савиясига аҳамият берсин;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 12 июндаги ПФ-4732-сонли Фармонига биноан ташкил қилинган мамлакат олий ўқув юртларининг 15 та таянч марказларида олий таълим муассасаларининг раҳбар ва профессор-ўқитувчилар таркибини янги ўқув дастурлари ва таълим услублари бўйича қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни 2016 йилнинг 1 июлидан ташкил қилишни таъминласин, шу мақсадда чет эллардаги етакчи олий таълим муассасаларининг олимлари ва профессорларини кенг жалб қилсин.
Энди бунинг ижроси қандай бўлади?
Ўқув режалар ишлаб чиқиб тасдиқланиш муддати 01.08.2016, бор йўғи 65 кун. Бунгача ишлар олиб борилаётган эдику демоқчимисиз? Албатта, вазирлик бу йўналишда ўзига хос усулда ишлар олиб боряпти. Ҳеч қандай чуқур таҳлилсиз, ўқув тизимимизга оптимал равишда мослашларсиз, АҚШ, Европа, Жанубий Корея университетларининг ўқув режалари асосида режалар тузиш ва буларга мос китобларни таржима қилиб,маъруза матнларини тайёрлаш соҳалар бўйича олди саналган олий ўқув юртларига буюрилган. Муддат май ойи охиригача. Маълумотлар йиғилгач, мутахассислардан тузилган махсус қўмита буларни таҳлил қилиб чиқади демоқчимисиз? Ҳафсалангизни пир қиламан, бунақа қўмита йўқ. Тузилган тақдирда ҳам бу қисқа муддат ичида юқорида айтган ўқув юртларидаги ўқитувчи, профессорларимиз шошилинчда, чала-чулпа, хўжакўрсинга тайёрлаган режалари, маъруза матнларини танқидий назар билан кўриб чиқиш реал иш эмас. 
Янги ўқув йилида ура-ура билан янги, замонавий, дунё стандартларига мос ўқув режалари асосида талабаларни ўқитишни бошлаймиз. Ким ўқитади дейсизми? Ёзнинг жазирама 2 ойида олий ўқув юртлари ўқитувчиларини мажбурий равишда малака оширтирамиз. Уларни ким ўқитади деган савол ўринсиз. 1 июлгача чет элдаги етакчи олим, профессорларни жалб қиламиз. Қандай қилиб дейсизми? Катта пул тўлашни ваъда қиламиз, шунда балки улар анча ойлар олдин режалаган ишларидан воз кечиб бу ишга кўнишар. Маблағни қаердан топишни вазирликдагилар билишади. Малака ошириш курсларидаги режалар ўтган йили шунақа шошилинч тарзда тайёрланиб олинганди, йил давомида кўпикдай ёрилиб кўзни ачиштирди. Бунинг устига янги режаларга мослаш ҳам керакку. Таклиф этилган чет эллик олимлар бу режалар асосида дарс ўтармикан? Ёки уларга ҳам тезкор топшириқ берсакми? 1 июлгача режанг билан кел деган маънода. Бу ёз чин маънода қайноқ бўладиган кўринади.
Сарказмни йиғиштириб, бу борадаги фикримни баён қилсам.
Аввало, Президент қарорига ўзгартиришлар киритиш керак. Иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ. 2012 йили 3 кун ичида ПҚ га ўзгартириш киритилган. Энди бунинг учун кимларнидир "калласи кетса, кетар". Биз яхши оқибат тарафдоримиз. Қарордаги мақсад жуда маъқул ва эзгу. Аъло ижро тизим равнақи гарови!
Ўзгаришлар асосан муддат маъносида бўлсин. Кўзда тутилган ўқув режалари алмашиниши 2017/2018 ўқув йили, малака ошириш курсларининг янги мазмун ва шаклда бошланиши камида кейинги йилнинг бошидан бошланиши керак. Шунда чет эл профессорлари билан келишишга ҳам улгурамиз, улардан малака ошириш курслари режалари бўйича таклифлар олиб, таҳлил қилишга ҳам вақт бўлади.
Кейинги ўзгариш ўқув режаларни ишлаб чиқиш борасида махсус ишчи гуруҳлар тузиш ва гуруҳ аъзоларини моддий рағбатлантириш борасида аниқ кўрсатма берилмаса, вазирликлар бу ишларни қандай усталик билан жамоатчилик асосида ташкил қилишини яхши биламиз. Бунинг оқибати эса яна халтура бўлиши аниқ.
Ўқув режалар тузиб бўлингач, уларга мос маъруза матнлари тайёрлаш бўйича тендерлар эълон қилиниши керак. Муаллифлар гуруҳини ҳаққоний равишда танлаб олиниши ва уларга меҳнатига мос ҳақ берилиши назорат қилиниши керак. Чет элда буни Lecture Notes дейилади. Бу ҳақда ҳам ПҚ да айтиб ўтилиши керак деб ҳисоблайман.
Мазкур Президент Қарори таъсирини бевосита ўзида ҳис қиладиганлар, умуман, олий таълим тизимимизга бефарқ бўлмаганлар фикрингизни билдиринг. Шахсан, мен олдин тепадагилар яхшироқ билади, чуқур таҳлил билан бир ислоҳотни бошлайди деган фикримдан қайтяпман. Камида вазирлик даражасида ҳафсалам пир бўлди. ПҚ лойиҳасини юзага чиқаришга масъул бўлганлардан кўнглим қолди. Фикр билдирайлик, хатоларини тан олишсин, вақтида тўғрилашсин ёки биз хато қилаётганимизни далиллар билан исботлашсин. Ҳар ҳолда ПҚ ни амалга ошириш борасидаги ишларини шаффофлик билан ёритишсин, кўрайлик, таҳлил қилайлик. Ошлари ҳалол бўлса кўчада ичишсин. Ҳар ҳолда бу соҳа давлат сири ёки Миллий Ҳавфсизлигимизга оид эмас.

5/08/2016

08-05-2016

Кам гапириш ҳақида ўзимга қанча ваъз ўқимайин, бировларга ҳам кези келганда маслаҳат бермайин, ўзим бунга амал қилолмаяпман. Биринчидан, кўп гап эшакка юк дейишганидек, кўп гапириш беҳуда оворагарчиликларни етакласа, иккинчидан, кўп гапирилганда кам ўйланади. Ўйланмай айтилган гапнинг оқибати эса ҳамиша ҳам ҳайрли эмас. Кўп ўйла, кам гапир, кўп ишла! "Кўп...кам...кўп..." принципини ушлаш керак.

01-05-2016

Нафсни тийишдан кейинги оғир иш жаҳлни тийиш бўлса керак. Охирги кунларда жуда тез жаҳлим чиқадиган бўлиб қолди. Сабаблари ҳам айтарли жиддий эмас. Жаҳлдан тушишим ҳам жуда секин. Бунинг олдини олиш учун нима қилишни билмай ҳайронман. Барчасига стресс (рухий зўриқиш) сабаб бўлса керак. Нимадир чора кўриш керак.

26-04-2016

Мен учун айни пайтда энг қийин иш бировнинг мақоласини таржима қилиш. Биринчидан, тор доирадаги терминлардан бехабарлигинг тўсиқ бўлса, иккинчидан соҳа бўйича нималар маълумлиги, мақоланинг ўзак натижасини яхши тугунмаганинг ҳалақит беради. Қолеверса, мақола мазмунига яқин мақолаларнинг таҳлили, таққословини бериш умуман имконсиз. Хуллас, бош билан деворга мих қоқаётгандек ҳис қиляпман ўзимни.

19-04-2016

Мактаб ўқувчилари учун тайёрланаётган математикадан қизиқарли масалалар ва мантиққа оид қизиқарли савол, бошқотирмаларни 2 та қисмга ажратиш маъқулдай туюлди. 5-9 синф ўқувчилари учун алоҳида тўплам қилиниши, унга кўпроқ матриеалларни киритиш имконини беради. Шу йилнинг охиригача бу тўпламниям тугатиб олиш керак.

18-04-2016

Қонда бори барибир намоён бўлаверар экан. Ўзи қиладиган ишлар жуда кўп, лекин таниш-билишлар илтимос қилган ишларни битиришга беихтиёр киришиб кетяпман. Баъзида эса унча зарур бўлмаган ишлар ҳам чалғитиб қўйяпти. Одам организмининг эса имконияти чекланган. Бунинг устига барчага хос ялқовлик ҳам ишларнинг белига тепиб турибди. Режадан чиқиб кетяпман. Ҳафсала етишмаяпти. Худо хоҳласа, бир илҳом келиб қолса ҳаммаси ишга тушиб кетар.

4/13/2016

27-03-2016

Ҳар бир одам ўзига хос индивидуал характерга эга бўлади. Характер неча ёшда тўла шаклланиб бўлиши ҳақида билмайман. Лекин биринчи марта характеримни ўзгартиришга бўлган уринишим талабалик пайтимга тўғри келса керак. Охирги йилларда бундай уринишлар сони кўпайгандан кўпаймоқда, лекин барчаси самарасиз. Барибир асл ўзлигимда бор феълларим намоён бўлавеяпти. Айниқса, ижтимоий тармоқларда фаол бўлганинг сари ўзлигинг бошқаларга намоён бўлиб бораверар экан. Тўғри, ҳамма ҳам ўзи ожиз деб ҳисоблайдиган томонларини кўрсаткиси келмайди, лекин кези келса, бунинг намоён бўлишидан қўрқмаслик керак, менимча. Имкон борича ҳамиша аслингиз каби кўринишга ҳаракат қилаверишингиз керак, кам бўлмайсиз.

3/22/2016

10-03-2016

Саломатлик ҳамма нарсадан муҳим экан. Танангда хасталик бўлса, фикринг ҳам чалғийди, иштиёқинг йўқолади. Хасталикнинг биргина яхши томони соғломлик пайтингнинг қадрини билдиради, шукроналик ҳиссингни орттиради. Одамзод барибир ожиз банда. Ҳадеб ўзини ўтга-чўққа уриб танасига азоб бериши яхшиликка олиб келмайди.

3/02/2016

25-02-2016

Жамият равнақи учун маълум бир ишга ёндошар экансан, ўзига хос масъулиятни сезиш керак бўлади. Сен хоҳлаётган ўзгариш жамият учун қанчалик фойдали, уни амалга ошириш бўйича реал таклифларинг борми ва асосийси, шу ўзгаришларни қилишга қанчалик ҳиссангни қўша оласан? Шу саволларга жавобинг тайёр бўлсагина ташаббусни бошла экан. Ўз тажрибамда шуни синаб кўряпман. Барча саволларга ҳам ижобий жавоб бера олмадим. Бунинг учун кўп вақтимни ажратишим керак экан. Афсуски, бунга айни вақтда имконим йўқ. Шунинг учун маълум муддатда ўзгаришлар қилиш ҳақида ўйлашни ва бу борада мунозарага киришишни тўҳтатиб тураман.

31-01-2016

Ўқитувчилик қонимда бор. Бугун илк бор оманлик талабалар билан ўқитувчи сифатида учрашдим. самимий муҳит ташкил қилишга ҳаракат қилдим. Истардимки, ҳар бир талабалар предмет бўйчи тушунмаганларини беҳижолат сўрайверишсин. Албатта, маълум ҳурмат масофасини сақлага ҳолда. Қани кўрамиз, бу ердаги педагоглик фаолиятим қандай кечаркин...

26-01-2016

Баъзида фикрларингни ёзгинг келади. Тугал ҳолатда уларни етказмоқчи бўласан. Афсуски, бунга маҳоратинг етмайди. Кўп ишларни режалаштирасан. Уларни амалга ошириш борасидаги имкониятларингни чамалайсан. Ҳаммаси бинойидек кўринади. Ялқовлик қилмасанг барчасини бажарадигандексан. Лекин кунлик режаларинг чала-чулпа бажарилаётганини кўриб ҳайрон қоласан. Секин-секин ўзингга ишончсизлигинг орта бошлайди. Балки ортиқча ишларни режалаштиргандирман дейсан. Қиладиган ишларингга кўз ташлайсан. Яна ҳаммаси бинойидек, мураккаб нарсанинг ўзи йўқ. Шунда асл сабабни топгандай бўласан. Ҳамма гап иродангда. Иқтидоринг, уқувинг ва имкониятинг шу ишларни амалга ошириш учун етади. Ироданг сустлиги, қатъият билан ишга кириша олмаётганинг сабабли режаланган ишларингни ортга суриб бораётган бўласан. Ўзингни қўлга олиб, ҳозирги шароитнинг қадрига етиб кўп нарсаларни қилиб олишинг кераклигини тушунасан.

Иродангни мустаҳкам қил, қатъият билан, ишонч билан, ғайрат билан олдингга қўйган мақсадларинг сари интил!

11/08/2015

02-11-2015

Мана Ўмонга келганимга 3 кун бўлди. Лекин дарров уйдагиларни соғиндим. Интернет орқали уланишнинг иложи бўлмаяпти. Хаёлимда дадамнинг хавотирли юзи. Аям анча кўникиб қолган, балки менга шунчаки билдирмас. Бобуржон ўзига келиб қолди шекилли, электрон почтадан ҳар ҳолда жавоб ёзиб юрибди. Эшитганим қизим Бонухоннинг овози бўлди. Масқат марказидан сал узоқроқда жойлашган Султон Қабус университети кампусининг атрофи энди обод бўляпти экан. Янги қурилишлар жуда кўп. Яқин йилларда бу ерлар янада обод бўлиб кетса керак. Аллоҳ шу кунларни оила билан бирга кўришликни насиб айласин.

30-10-2015

Мана энг узоқ муддатга сафарга кетяпман. Бир йил давомида ота-онангни кўрмаслик, фарзандларинг бошини силай олмаслик барибир кўнгилни ғаш қилар экан. Ўғлим Бобуржон анча таъсирчан бўлиб улғаймоқда. Бобосидан ўтган шекилли. Бугун мен билан хайрлашгани юраги чопмади. Кичик хонага беркинганча йиғлаб кузатди. Ота-онам билан хайрлашиш ҳам оғир бўлди. Имкон қадар билдирмасликка ҳаракат қилдим. Бемор холамга телефон қилиб хайрлашгани юрагим кўтармади. Пессимистик овозни эсимдан чиқаришим қийин бўларди. Аллоҳ паноҳида асрасин!

19-10-2015

Атрофдаги инсонлар билан муносабатда нималарга кўпроқ эътибор бериш керак? Айёрга айёрона, димоғдорга димоғдор бўлиб муносабат қилиш қанчалар тўғри? Бу саволларга жавоб топишда иккиланаётганимнинг сабаби ҳаётда кўраётганларим, ўз бошимдан кечираётганларимдир. Идеал инсон бўлишнинг юки оғир. Бундай бўлишликка интилишнинг ўзи ҳам катта яхшилик, назаримда. Сўнгги пайтларда ўзимдан қониқиш ҳис қилолмаяпман. Арзимас сабаблар шаштимни тушираётгандек. Ўзимни қўлга олиб, мақсадлар сари олға интилишим керак.

08-10-2015

Яшаш учун пул топиш билан овора бўлиб яшаш эсдан чиқиб қолмасин дейишади. Баъзида яшашни эсдан чиқариб қўямиз. Оила аъзоларинг билан самимий суҳбат қуриш керак экан. Фарзандларингни сенга айтадиган, турли воқеъликка бўлган муносабатини сен билан ўртоқлашгиси келар экан. Кейинчалик ҳам албатта эслаб юрадиган мана шу дамлар бўлса ажабмас. Барча ишлар ҳам ўз меъёрида бўлгани маъқул. Уйга келдингми, ишни унутиш керак экан. Оилавий бахтнинг қадрига етиш керак.

04-10-2015

Маълум бир ҳаракатни 21 кун кетма-кет бажарса, бу ҳаракат одатга айланади деб ўқигандим. Қунт қилиб бирор бир янги одат қўшолмадим. Ўзимга талабчанлигим бир оз сусайди. Худога шукр, сиёсатдан кўнгил безиб боряпти. Энди илм йўлида фаолиятни активлаштириш керак. Фарзандлар тарбиясида ҳам яяхши ҳаракат қилиш керак. Асосий мақсад ҳам шу бўлиши керак, аслида.  Ўзимиз фарзандларга ўрнак бўлиш масаласида сусткашликка йўл қўяётгандекмиз. Аллоҳ бу йўлларда қилаётган ҳаракатларимизни ҳайрли қилсин.

02-10-2015

Расмий байрамларни ёқтирмайман. Байрам муносабати билан билдириладиган табрикларга ҳам хушим йўқ. Шу кунларда билдириладиган тилакларда самимийлик йўқдек. Кеча устоз ва мураббийлар кунида ҳам кўп устозларни расмий табрикламадим. Кундалик ҳаётда кўпроқ эътибор қаратиш муҳимдек туюлди. Бугун аям надак изза қилдилар. Ўйланиб қолдим. Ёши улуғ устозлар шундай кунларда алоҳида эътибор кутсалар керак. Баъзида шундай ишларда анча хомлигим сезилиб қоляпти. Ҳечдан кўра кеч деганларидек устозларга эътибор кўрсатишни мақсад қилиб қўйдим.

7/23/2015

23-07-2015

Дардингни ким биландир бўлишсанг енгиллайсан киши. Эрталабдан оптимистик кайфиятдаман. Ишларни режалаб олдим. Катта мақсадлар йўлида кичик қадамларни ташлашда давом этаман. Асосийси, танлаган йўлдан қатъият билан кетиш. 

Одам ўзи севган иш билан шуғулланса чарчамайди дейишгани рост экан. Илм йўлида эканимдан хурсандман. Бу айнан мен хоҳлаган йўл эканлигига амин бўлдим. Яратганга шукрки бу йўлдан ризқимни териб, аҳли оилам билан бахтли ҳаёт кечиряпман. Фарзандларим бу йўлни танласа хафа бўлмайман. Математиклик менга ҳам отакасб. Отакасбдан эса ҳамиша барака келади.

22-07-2015

Икки кундан бери хаёлимда бир ўй. Нега шундай вазиятга тушдим? Кўнгилчанлигим учунми ё ишонган одамимнинг худбинлиги сабабми? Айтган гапидан осонгина тониб юборди. Қилинган меҳнатнинг қадрини ерга урди. Яна керак пайтда бир неча марта қўллаганини таъна қилди. Аслида бу қўллашларга етарлича "отдача"сини олганлигини тан олмайди. Буларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан қилиниши керак бўладигандай муносабатда. Нима бўлса ҳам ўз фикримни очиқ айтдим. Бундан кейин "какой привет, такой ответ" тарзида ҳаракат қилишимни тушунди деб ўйлайман. Ризқни Аллоҳ беради, бандасига ишонмаслик керак.

27-06-2015

Мана рамазон ойида ҳамма шайтонлар кишанбанд қилинган. Лекин инсонларнинг ўз нафслари туфайли қилаётган ишларини кўриб ёқа ушлайсан киши. Кўп ҳолларда шайтон "емаган сомсасига пул тўлар" эканда деган хаёлга бораман. Астағфируллоҳ!

Ўзимдаги эринчоқлик, турли баҳоналар тўқиб қилиниши шарт бўлган ишларни орқага ташлашларнинг кўп ҳам шайтонга алоқаси йўқ экан. Айнан шу ойда нафсимизни тарбиялашга зўр шароит пайдо бўларкан. 

Шунчалик эринчоқлик билан бўлсада, улуғ ой шарофати билан анча иш қилишга улгуряпман. Баракасини берсин!


6/05/2015

05-06-2015

Одам ўз иродасини кучайтира олади. Буни ўзимда синаб кўряпман. Вақтдан унумли фойдаланиш борасида бироз оқсаяпман, лекин маълум бир мақсадни амалга ошириш борасида ютуқларим бор.

Илмий мақола ёзганда асосий натижани исботи билан баён қилиш мураккаб эмас. Лекин кириш қисми, мавзунинг долзарблиги, бу йўналишда қилинган ишлар эътирофи, қилинган ишнинг ўзига хослигини тушунтириш борасида доим қийналаман. Ана шу қисм жуда кўп вақтимни олади. Ҳали ўрганадиган нарсам жуда кўп. Аллоҳ бу йўлда сабрли ва матонатли қилсин.

01-06-2015

Сафарга чиқиш олдидан ҳам, сафар давомида ҳам одатдагидан кўра ўта хотиржамман. Осмону-фалакда самолёт қалтис силтаб қолганда ҳам бемалол калима қайтариб ўтиравердим. Худдики, менга жони куядиганлар, мен масъул бўлганлар йўқдай. Аслида, ҳаммамиз ҳам ўзимизни Яратганга омонат топшириб юришни ўрганишимиз керак. Банданинг қўлидан нима ҳам келарди.

Мана бир ҳафтаки, ота-онам уйимда, кичик оилам билан бирга бўлди. Шу ҳам балки кўнгилни хотиржам қилгандир. Яратганнинг ўзи доим тинчликда ва хотиржамликда асрасин.

10-05-2015

Илмий мақолага хамиртуруш бўладиган бир нечта фикрлар каллада ғужғон. Баъзиларини анча-мунча пишитиб қўйганман. 2 та мақолабоп нарса якуний штрихни кутганча ётибди.

Охирги пайтларда олинган илмий натижаларни илмий мақола тарзида тартибга келтириб чоп этиш ишларига бефарқроқ қараяпман.

Мазкур йилдаги мақолалар сони 6 тадан кам бўлмаслиги керак. Диссертацияни ёзиш ишларига ҳам эътиборни кучайтириш керак. Аллоҳ қунт ва сабр берсин.

06-05-2015

Ишлар кўпайганидан кўпайиб боряпти. Назаримда, асосий ишлар қолиб, иккиламчи даражадаги ишларга кўп вақт ажратаётгандекман. Иш режимим бузилган. Кўнгилдаги хотиржамлик йўқолган. Қилаётган ишларимда унум йўқдек. Хаёлни жамлаб, дўппини олиб қўйиб, бир яхшилаб ўйлайдиган вақт келди шекилли.

Ҳамма нарсага бирдай улгуриб бўлмайди. Бор эътиборни илм йўлидаги зарур ишларга қаратсам, бу йилда мўлжаллаган маррага анча яқинлашаман. Ҳам илм, ҳам ибодатни бирдай енгил қиладиган пайтлар келармикан?..

23-03-2015

Баъзида эринчоқликни, ялқовликни сезмаган ҳолда битирилмаган ишни "балки битмаганида бирор ҳикмат бордир" қабилида фикр юритиб янада ялқовланиб бораверамиз. Охирги ойларда ўзимда шундай ҳолатни кузатяпман. Ҳали уни, ҳали буни баҳона қилиб кунларимни беҳудага ўтказяпман. Иродамни яна бир бор синовдан ўтказишимга тўғри келади шекилли.

Ҳам илмни, ҳам фарзандлар тарбиясини, қолаверса, оиланинг моддий таъминотини ҳам ўз ўрнига қўйишим керак.

21-02-2015

Маълум бир синовдан муваффақиятли ўтгач, инсон ўзини хотиржамроқ ҳис қилади. Синовгача Аллоҳга қилган нолалари ёдидан сал кўтарилади. Аслида, олдинги нолалар ўрнини шукроналик эгаллаши керакку.

Инсон унутувчан жонзот. Камина ҳам мана икки кунки, имтихонни яхши топшириб олсам ҳамки, кўнгил хотиржамлигини топа олганим йўқ. Балки шукроналик етарли бўлмаганидадир. 

Ҳар намозимда Аллоҳдан риёкорликдан, шайтон васвасасидан паноҳ сўрайман. Асосийси, Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин. Аҳли оилам, яқинларим билан жаннатда бирга бўлиш орзусидаман.

08-02-2015

Математиканинг ўзи билангина шуғулланиб юриш қўлимдан келмайди шекилли. Баъзида кўнгил шеър қўмсаб қолиб шеърият оламига шўнғисам, охирги кунларда сиёсат эшик қоқмай хаёлларимни паришон қиляпти. Атрофинг ҳақида ўз мустақил фикринг бўлгани яхши, лекин уни ҳадеб ҳам билдиравериш керак эмас экан. Бунинг устига сиёсат борасида бирор даъвойинг йўқ бўлса.

Қилаётган илмий ишимни охирига етказиб, яна янги математик соҳаларда ишлаш тўғри қарор эканлигига шубҳам қолмаяпти.

5/10/2015

01-02-2015

Баъзида илм йўлига адашиб кириб қолгандек ҳис қиламан ўзимни. Ҳаётнинг майда-чуйда икир-чикирлари, тирикчилик деган "зарурат" энергиямни буткул суғуриб олаётгандек.

Оиланинг тўкислиги, фарзандларнинг камолотини ўйламасдан туриб "игна билан қудуқ қазиш" оғир бўляпти. Борган сари илмда ютуққа эришганларга ҳурматим ошиб, уларнинг иродасига қойил қолиб бормоқдаман. Ўзимда ҳам шундай иродани тарбиялаб боришим керак. Бу борада Яратгандан бошқа яхши кўмакчи йўқ. Асосийси, иймонни мустаҳкамлаш керак.

5/07/2015

Январь, 2015

Гарчи мақсадлар муштарак бўлсада, жамоадошларингнинг ҳар бирида ўз манфаатини ўйлаш ҳисси бор ва бу табиий.

Жамоа бўлиб ишлашнинг энг қийин жойи шуки, умумманфаатга эришиш учун ўз шахсий манфаатларингга ҳам, жамоадошингнинг манфаатига ҳам зарар келтирмаслигинг керак.

Шу пайтга қадар одамларда самимийликни қадрлаб келдим. Жамоада ҳам самимий муҳит кўп муваффақиятлар гарови деб ҳисоблайман. Вақт ўтиб бу борадаги фикрим ўзгармайди деб умид қиламан.

17-12-2014

Атрофингдаги инсонлар билан муомала қилганда, қайсидир бир жиҳати билан моддий манфаат ёки зарарга тўғри келадиган масалаларда жуда эҳтиёткор бўлиш керак экан. Пул жигардан бўлган деб бежизга айтишмаган. Бу масалаларда меъёрлашган ишончга таяниб иш кўриш маъқулроқдек туюляпти.

Кўп ўйлаб, кам гапириш принципига ўтиш керак.

13-12-2014

Умринг давомида рўй берадиган воқеа-ҳодисалар бежизга рўй бермас экан. Ҳаммасидан керакли хулосалар чиқариб олиш банда учун энг мушкул вазифалардан бири экан. Қабул қилинадиган қарорлар, амаллар инсоннинг бу дунёдаги табақалардан қайсидир бирига мансуб бўлишига олиб келади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам охиратда Яратганнинг олдида ёруғ юз билан турадиган табақага молик бўлишга интилиш керак.

03-02-2014

Ўзинг фаолият кўрсатаётган муассасанинг жамоатчилик ишларида иштирок этишинг, аввало, жамоа рухини яратиш учун муҳим бўлса, бошқа томондан қаралса, ўзингнинг ижтимоий ҳаётингда ҳам муҳим ўрин тутар экан. Жамоада лидер бўлишинг шарт эмас, асосийси, сенинг ўзига хос ўрнинг бўлиши керак. Муассаса тарихида озгина бўлса-да ўз изингни қолдиришга ҳаракат қилиш керак. Ҳаётда ташаббускор бўлиб яшашнинг ҳам ўзига хос гашти бор.

15-11-2014

Илмий иш қилиш учун иқтидор қанчалик зарур? Маълум бир илмий натижаларга эришиш учун жуда кўп изланиш, қаттиқ меҳнат талаб қилинади. Менинг фикримча, иқтидорли инсон ўз устида шундай ишламаса, илмда маълум бир чўққини забт эта олмайди. Худо берган иқтидорли инсондан илм йўлида чеккан заҳмат ҳисобига ўтиб кета олади.

Худо илм йўлидаги заҳматкашлардан қилсин.

07-11-2014

Фарзандларинг билимли, тарбияли бўлишини истар экансан, ўзинг улар учун намуна бўлишинг керак.

Кўпинча, турли дунёвий ташвишлар сабаб болаларим билан дилдан гаплашишга вақт ажратмаган эканман. Ҳафтада бир кундалик текшириш ва вақт бўлганда номигагина ўқишларини назорат қилиш фойдасиз ҳаракатлардек туюлмоқда. Фарзандларга нисбатан ҳар қандай ҳаракат чин дилдан бўлмоғи барча томондан ҳам қаралса фойдали ва баҳайр бўлишига яна бир бор ишондим.

28-10-2014

Кун давомида қилинадиган ишларни режалаштирганда уларнинг тиғизлигига эътибор қаратиш керак экан. Инсон робот эмаски, режага қараб ишни кетма-кет бажариб кетаверса.

Баъзи пайтларда озгина дам олиб, бир мунча вақтни бекор ўтказиш ҳам фойдали бўлар экан. Айниқса, илмий ишда етарли рухий тайёргарликсиз самарали ишлаб бўлмас экан. Аммо инсон кайфиятга боғланиб қолмаслиги керак. Маълум маънода кайфиятни ўзгартириш ўзимизнинг қўлимизда.

4/19/2014

Қандай блогпостлар ёзай?

Блоггерларнинг профессионал журналистлар билан фарқлантириш зарурлиги ҳақида кўп ёзилмоқда. Блоггерлар кундалик ҳаётдаги янгиликларга, турли муаммо ва ҳолатларга ўз муносабатини тезкор равишда билдириши билан ҳар бир гапига жавоб беришини ўйлаган ҳолда етти ўлчаб бир кесишга мажбур, агар муаммо ҳақида ёзса, унинг ечимлари ҳақида ҳам фикр билдиришга норасмий бўлса-да ўзида мажбурият сезган профессионал журналистлардан фарқ қилиши алоҳида таъкидланмоқда. Буни енгилроқ тушунадиган бўлсак, блоггерлар жарчи сингари жамиятни янгиликлардан бохабар қилиш, жамият ҳаётидаги турли ҳолат ва муаммоларни оммага ошкор этиш ва уларнинг бу борадаги фикрларини жамловчи жамлоқ вазифасини ўташ керакми? Мен бундай "енгил тушуниш"ни истамасдим.

Блоггерлар ичида турли касб эгалари кўп, жумладан, профессионал журналистлар ҳам. Лекин блог юритганда улар қаерда, қайси вазифада ишлашларидан қатъий назар, ўз шахсий фикрларини билдираётганлари учун ўзларини сал эркинроқ сезадилар. Энг асосийси, ўз нуқтаи-назаридан туриб ёзганларини тахрирлайдиган бош муҳаррир йўқ. (Ўзим ҳам шу сафда бўлганим учун блоггерларга тўғрилан-тўғри мурожаат қилсам бўлаверса керак) Ўзингизга ўзингиз хўжайинсиз. Хоҳлаган мавзуда ўз шахсий фикрингизни билдиришга кенг йўл очилгандай гўё. Лекин "қалтис мавзу"ларда қалам тебратишга иккиланиш бор. Сабаби бундай мавзуларнинг "юк"и оғир. Истасангиз-истамасангиз, фактлар асосида фикр юритишга, ёзганларингизга жавоб беришга мажбурсиз. Муаммони ёритсангиз, ечим ҳақида ҳам сўрашлари аниқроқ.

Нима қилмоқ керак? Умумий мавзулардаги, енгил-елпи богпостларни қаторлаштириш керакми? Ёки жиддий мавзуларни ёритиш учун вақт, имкониятни сарфлаб маълумот йиғиш керакми? Блоггерлик билан қорин тўйдира олмаслигингиз аниқ бўлгандан кейин, асосий ишингиздан чалғиш қанчалар тўғри? Савол кетидан савол...

Менимча, асосий соҳангизга яқин мавзуларда блогпостлар ёзишингиз "олтин ўрталиқ"ни ушлашингизга имкон беради. Танлаган соҳангиздаги катта-кичик мавзуларга ўзига мос тайёргарлик билан блогпостлар тайёрлаш асосий ишингизга ҳалақит берадиган даражада кўп вақтингизни олмайди. Бундан ташқари, журналист тушуниши қийин бўлган соҳангизга оид ньюансларни сиз яхшироқ тушунасиз, демак фикрингиз объективликка яқинроқ бўлади. Тўғри, блогингиз аудиторияси камайиши мумкин, лекин блоггер учун аудиториянинг сони муҳим бўлмаслиги керак. Асосийси, ўз соҳангизга бефарқ эмаслигингиз ва уни ривожлантириш борасида журналистлар катта фронтига ёрдам сифатида "қўшимча фронт" очиб "жанг" қилаётганлигингиздир.

Хулоса
Блоггерлар ўз касб-корлари, ишлаётган соҳаларидан келиб чиқиб ихтисослашган блоглар ёзганлари тўғрироқ деган фикрдаман. Умумий мавзулардаги чуқур маъноли блогпостларни профессионал журналистларга қўйиб берақолайлик.

PS
Олдинги ёзилган блогларни ўчириб ўтирмадим, лекин бугундан бошлаб менинг блогимда ўз соҳамга алоқадор блогпостлардан бошқа блогпостлар бўлмаса керак.


2/07/2014

Antiqa ko'rsatuv



01.01.2005 yildan boshlab yer atmosferasi yana bir bemaza to'lqin bilan bulg'anishni boshlandi. Gap shundaki, shu kundan boshlab XYZTV o'z ishini boshladi. Quyida bu TV dagi bir ko'rsatuvning ssenariysi beriladi. Mabodo boshqa ko'rsatuvlari haqida ma'lumot topsalaring, shu yerga yozib qoldiraveringlar.

 Sayyora hafta ichida

1-kadr: Boshlovchi prilichniy kiyimda, kak polojena galstuk, sochlar gellangan, qo'lida yosh bolaning sarg'ayib ketgan ishtonchasi.
Boshlovchi: Dunyo juda o'zgaruvchan. Bu mening ishtoncham edi (ishtoncha ekranda kattalashtirib ko'rsatiladi). Yoshligimda bu ishtonchaga tez-tez siyib qo'yar edim. Shunda onam aytsang bo'lmaydimi, tiling borku axir deb rosa urishardilar. Men esa... bu haqda ko'rsatuv oxirida gaplashamiz. Hozir esa...

Assalomu-alaykum. Efirda Sayyora hafta ichida ko'rsatuvi, studiyada men boshlovchi Hoshm baqiroq.
Ko'rsatuvimizda:
Lavhalar ko'rsatib boriladi.
1. Ahmoqboyning ahmoq novvoslari chorvoq qo'shnisi Bechori kosibning uyiga hujum qilishdi.
2. Qishloqdagi katta ariq qurish arfasida

Endi bular haqida bafurja.
Kuni kecha Ahmoqboyning novvoslari qo'shnisi Bechori kosibning hovlisiga hujum qilganlar. Uy devor bilan o'ralganiga qaramasdan bu shunday ham nurab turgan devorni buzish novvoslar uchun qiyin bo'lmadi. Ular dastlab ekin maydonini ishg'ol qildilar. Yeyishga yaraguliklarni yeb, qolganlarini tuyoqlari bilan rosa toptadilar. So'ngra rasman asosiy deb tanlangan maqsadni amalga oshirdilar, ya'ni kosibning tovuqxonasini buzib bechora tovuqlarni zolim kosibning zulmidan ozod qildilar. Yana qaytib kelamizmi deb bir yo'la og'il, tandir va yangi qurilayotgan uyni ham batamom vayron qildilar aqlli novvoslar.
Bu voqeaga kosibning bechora xotini va 7 bolasi so'zsiz guvoh bo'ldilar. Agar ovoz chiqarganlarida novvoslar ularni tualetdaligini bilib, uni ham vayron qilardilar. Bundayin qahramonlarhca harakatlardan so'ng novvoslar kosibning o'zini qidirishga tushdilar va bir muncha vaqt o'tgandan keyin uni yong'oq tagidan topishib, uni darhol Ahmoqboyning huzuriga eltdilar.
Biz bu hujumning maqsadini bilish maqsadida Ahmoqboyga murojaat qilganimizda u bizga quyidagilarni aytdi:
Men necha yillardan beri bu kosibni kuzatib kelaman. U uy jonivorlariga juda zulmkorlik bilan muomala qilishi butun mahallaga ayon. Lekin oxirgi qilig'i sabr kosamning to'ldirdi va adolatni qaror toptirishdek yuksak maqsadlar bilan novvoslarimga ushbu topshiriqni berdim. Aniqroq aytadigan bo'lsam, bu yaramas kosib shunday ham ezilib yurgan tovuqlarini ozodlikdan mahrum etib, katakka soldi. Bechora tovuqlarning qilayotgan ohu-zorlarini eshitganingizda yuragingiz ezilib ketardi. Yaramas o'g'li ularni 1 soat aylantirgani olib chiqib, o'shanda ham ularni nazorat qilib turardi. Men zo'rg'a 2 hafta chidadim, keyin nima qilib bo'lsa ham adolatni qaror toptirib bechora tovuqlarni ozod qilmoqqa niyat qildim. Bu niyatimni qo'shnim Qitmirbekka aytsam, u ham ma'qulladi va 2 ta novvosini bu ish uchun berib ham turdi. Buning uchun undan cheksiz minnatdorman. Xullas, tovuqlarni ozod qildik va ularni uyimizga vaqtinchaga keltirib qo'ydikkim, kosibning xotini va bolalari ularga ozor bermasinlar.
Mana o'zingiz ko'rib turganingizdek ozod tovuqlar xursand. Yaqinda tovuqlarga tanlash imkoniyatini beramiz, xohlasa bu yerda erkinlikda qolishadi yoki kosibning xotini va bolalari zulmi ostida yashashadi. O'ylaymanki, ular ozodlikni tanlaydilar. Kosibni esa adolat yuzasidan sud qilamiz. So'ramasangiz ham aytib qo'yay, hozir menda Tolip sopol o'rdaklarini ko'chaga chiqarmayapti degan informatsiya bor. Agar shu kunlarda shu ishini davom ettirsa o'rdaklar ozodligi uchun ham kurash olib borishimga to'g'ri keladi.

Biz bu voqeani sharhlash uchun kosibning ham do'sti ham qo'shnisi Samimiyni suhbatga chorladik.
Samimiy: To'g'risini aytsam, bu Ahmoqboyning yana bir xiylasi xolos. Aslida u tovuqlarning katakda yashashidan manfaatdor emas edi. Chunki tovuqlarning bir qismi uning hovlisidagi somonxonaga tuxum qo'yishar edi. Buni payqab qolgan kosib bir necha marta tuxumlarni berishni so'raganda Ahmoqboy lo'lilik qilib bermagan edi. Majbur bo'lganidan kosib tovuqlarini katakda saqlashga qaror qilgan edi. Tekin tuxumlardan quruq qolgan Ahmoqboy, nihoyat ushbu xiylani o'ylab topgan.

B: Bizda Samimiyning gaplari ishonch tug'dirmadi, chunki u kosibning do'sti va albatta uni oqlashga harakat qiladi. Bizning fikrimizcha, har bir tovuq ozod yashashga haqli.

Keyingi xabarga o'tamiz. Yaqin orada qishloqdagi eng katta ariqning suvi batamom qurib qolish havfi bor. Nima qilmoq kerak? Shu savol bilan qishlog'imiz mirobiga murojaat qildik.
Mirob:
Bu ariqqa suv o'zi hov ano' katta yo'l yoqasidagi katta kanaldan keladi. Kanalning qishloqqa yaqin qismida to'g'on bor. U yerda bir odam turadi kontrol qilib. Yaxshi gaplashsangiz katta qilib ochib beradi, bo'lmasa qisib-qisib beradi. Men oqsoqolga aytdim, qishloqdan pul yig'ib qo'yaylik, men yonimdan sarflab obkemayman suvni dedim. Oqsoqolni pulni yig'di-yu, kerak bo'lganda mendan olasan dedi. Kerak bo'lganda so'rasam bergisi kelmay berib yurdi. Oxirgi paytda voobshe bermay qo'ydi. Bermagandan keyin menam anavi kontrolchi bilan gaplashmay qo'ydim. Shundan keyin u kontrolchi ham oldin qisib-qisib bergan bo'lsa, endi umuman bizga darvozasini ochmay qo'ydi. Shunga yana pul kerak. Pul bo'sa ariqda suv bo'ladi, bo'lmasa yo'q.

B: Biz teletomoshabinlarga murojaat qilamiz, agar bu qishloq aholisi suvsiz qolib ketmasin desangiz yordam qo'lini cho'zing.
Endi ishtonchaga qaytsak. Men hozir ham ishtonimga siyib qo'yaman. Vaholanki, bemalol gapirishga tilim bor. Lekin erinaman, chunki urishadigan onam yo'q. Xullas, dunyo o'tkinchi, insonlar o'tib ketaveradi, lekin ma'lum odatlar qolaveradi.

Salomat bo'linglar.
Keyingi safargi ko'rsatuvimizda Qulmat xotinbozning sobiq xotinlarining sensatsion gaplari haqida uning hozirgi xotinining fikrlari bilan tanishamiz.


16.02.2005 yil, Berlin.                   

PS
O'sha paytlarda mavzu juda dolzarb edi. Mana oradan qariyb 10 yil o'tsa hamki tanlangan mavzu o'z dolzarbligini yo'qotmagan.

2/02/2014

Таълим тизими муаммолари-2



Бироз статистика.
Мамлакатимиз таълим тизимининг 2-босқичида турувчи, ўрта умумтаълим муассасаси бўлмиш мактаблар бу тизимнинг энг муҳим бўғинидир. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бевосита бу таълим муассасаларига жавобгар вазирликдир. Шунинг учун вазирлик томонидан эълон қилинган статистик маълумотлар (http://uzedu.uz/uzb/info/schools/) бизга нималардан дарак бераётганига эътибор берсак.
Мамлакатимизда 4468101 нафар ўқувчи бўлгани ҳолда 9765 та мактаблар фаолият олиб боради. Бу дегани ҳар бир мактабда ўртача 458 тадан ўқувчи бор. Бу кўрсаткич ёмон эмас. 68 та бошланғич мактаб, 9536 та 9 йиллик мактаб билан бир қаторда, 73 та 11 йиллик мактабнинг борлиги эса ўтган сафарги блогпостимизда таъкидлаган муаммо – академик лицей ва коллежларнинг ҳамма худудга ҳам текис тақсимланмаганини бир мунча ҳал қилишга қаратилган, менимча. Ўтган ўқув йилида 11 йиллик мактабларни 4083 та ўқувчи битирган. Кўп миллатли мамлакат эканлигимизни ҳисобга оладиган бўлсак 8742 та ўзбек тилидаги мактаблардан ташқари 377 та қорақалпоқ, 848 та рус, 417 та қозоқ, 256 та тожик ва 60 та қирғиз тилида таълим берувчи мактаблар борлиги табиийдир.
Мактабларда фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар 410654 та бўлиб, бу ҳар бир мактабда ўртача 42 тадан ёки ҳар 10 та ўқувчига 1 тадан ўқитувчи тўғри келади. Лекин ўқитувчиларнинг 71.1 % ини аёллар ташкил қилиши, тугалланмаган олий (бакалавр даражасига эга) маълумотга эгалари 0.6% (1326 нафар) эканлиги одамда баъзи ташвишли саволларни пайдо қилади. Бу тизим учун кадр тайёрлаб берадиган 5 та педагогик институт бўлиб, уларда 25129 нафар талаба таҳсил олар экан. Наҳотки шунча талабадан фақатгина 1326 тасигина мактабда ўқитувчилик қилишга бел боғлаган? Иш ўрни етишмаслигими бу ёки бошқа сабаб қидириш керакдир?
Умидбахш ислоҳотлар ва тушунарсиз ижролар.
                Мактабларимизни замонавийлаштириш, моддий-техник, ўқув-услубий базасини бойитиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди ва борилмоқда. Кўпгина қишлоқ мактаблари капитал таъмирдан чиқарилди, замонавий компьютер синфлари келтирилди. Физика, кимё, биология ва бошқа фан кабинетлари кўргазмали жиҳозлар билан таъминланди. Кўрсангиз кўзингиз қувнайди. Улардан фойдаланиш бобида эса афсуски мақтана олмаймиз. Кўпгина ҳолларда ўқитувчиларнинг бефарқлиги сабаб қилиб кўрсатилса, ундан кам бўлмаган ҳолларда (асосан қишлоқ мактабларида) электр энергия таъминотига доимий узилишлар бу ишнинг “белига тепиб” турибди.
                Ҳар бир мактабнинг юридик шахс сифатида ўз молиявий ҳолатини бевосита давлат молия идоралари билан ҳал қилиниши борасидаги ислоҳотлар ҳар ҳолда олдинги ҳолатдан яхшироқдек кўринади. Лекин бу тизимдан жойлардаги ҳокимиятлар “шантаж” йўлида фойдаланаётгани афсусланарли ҳолат. Бу ҳақда яна батафсил тўҳталамиз.
                Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари охирги йилларда сезиларли ошди. Лекин эркак киши учун оила бошлиғи сифатида рўзғор тебратишга етмаслиги сир эмас. Асосан шу сабабдан ҳам статистикада ўқитувчиларнинг 71.1 % и аёллар. Вилоятдаги мактаб ўқитувчиларнинг ойлик маошлари 100% пластик карталарда берилаётганига анча йиллар бўлди. Уни нақд пул қилиш йўлларини ўқитувчилардан яхшироқ фақат савдогарлар билса керак холос. Оқибатда йўқотиладиган арзимас 10-15% кўзга кўринмайди. Пластик карточкадаги виртуал пулдан гигиеник жиҳатдан тоза бўлмаса-да қоғоз пулга нима етсин. Ҳар ойлик маошдан электр энергия ва газ учун маълум миқдордаги пул ушланиб қолиб тегишли коммунал хизмат ташкилотларига ўтказилаётгани ҳам кўпчиликка маълум. Ҳар ойдаги бундай тўловлари билан давлатнинг “электросеть” ва “райгаз”ини қарз қилиб қўйган ўқитувчилар кўкрак кериб бу идораларнинг эшигини бемалол “тепиб” киришади деб ўйлаган бўлсангиз, адашдингиз. У идорадаги масъуллар буни одатий ҳол, яъни ўқитувчиларнинг мажбурияти деб билишлари ҳам сир бўлмай қолди.
                Ўқитувчиларни рағбатлантириш учун ташкил этилган  ва менимча, яхши ўйланган “директор фондлари” айрим директорлар учун яхшигина босим ўтказиш ричаги бўлиб қолгани ачинарли. Моддий манфаат кўриш воситаси эканлиги ҳақида ҳам гап-сўз кўп, лекин бу ҳақда ёзгимиз йўқ.
              Педагогик-ходимларнинг малакасини ошириш тизимини эффективлаштириш борасида ҳам яхши ислоҳотлар ўйланди, амалга оширишда эса кўпроқ расмийлаштиришга эътибор қаратилиб, асосий мақсад – ўқитувчилар малакасини ошириш, замонавий педагогик технологиялар билан таништириш сал эътибордан четда қоляпти. Қоғозда ҳаммаси зўр, лекин амалда...
Педагог – бола етаклаган ҚУЛ.
                Минг афсуслар бўлсинки, айрим маҳаллий ҳокимият вакиллари бюджетдан маблағ оладиган ўқитувчи, тарбиячиларни давлат учун ҳеч нарса ишлаб чиқармайдиган “текинхўр”лар деб тушуниб, шунга яраша муносабат қилишлари эпидемия тусини олган десам балки ваҳима қилган бўларман. Аммо бундай муносабатни мамлакатимизнинг ихтиёрий вилоятида учрата олишингиз рост гап. Бундай “ҳокимча”лар педагогларни ростакам ҚУЛ деб кўришлари ва бундай тушунча-ю, қилаётган ишлари билан ҳамон жойида ишлаб юрганлари одамни ажаблантиради.
                Ҳозирги пайтда қишлоқ хўжалигини ўқитувчиларсиз бошқариб бўлмай қолди. Ҳокимиятда ўтказиладиган турли мазмундаги, асосан, қишлоқ хўжалигига оид йиғилишларга мактаб директорлари, боғча мудираларининг иштироки шарт бўлиб қолган. Чунки иштирок этиши зарур бўлган фермерларнинг аксарияти бундай мажлислардан безган. Уларнинг ўрнини, улар қиладиган ишларни директорлар бўйнига юклатилади. Фалон фермер хўжалигига ҳокимият вакили сифатида бириктирилган ўқитувчи энди фермер хўжалиги ишларини назорати билан шуғулланишга мажбур. Ҳар мажлисда бу борада ҳисобот бериши, ўз ишини эплолмайдиган фермер хўжалик раҳбари ўрнига “ҳокимча”нинг сассиқ гапини эшитишга мажбур.
Пахта йиғим-терим мавсумида ихтиёрий равишда ёрдам беришликни тушунгандек бўламиз. Чунки пахта ҳар ҳолда сиёсий масала. Лекин баъзи ҳолларда ариқ қазиш, йўл тозалаш каби ишларда ҳам ўқитувчиларнинг “беминнат хизматлари”га ёпишиб олиш тўғримикан? Албатта НОТЎҒРИ!
Ипак толасини етиштириш мавсумида ҳам катта саҳнага яна ўқитувчилар чиқарилади. Бу сафар бутун бир мактаб коллективи биргаликда. Фермер хўжаликлар билан бир қаторда ҳар бир мактаб жамоасига ҳам “ихтиёрий-мажбурий” тарзда ипак қуртлари тарқатилиб нормани бажариш буюрилади. Йўлини топишга ўрганиб қолган мактаб жамоаси ипак қуртларига кунда барг етказиб бериш ва албатта кўриладиган моддий зарар (уйни ремонт қилиш, масалан)ни қоплаш шарти билан одамлар топади. Чиқим эса ойликдан йиғилади. Йиғим нақд пулда, пластикда пул йиғиш имконсиз.
Бундай жамоатчилик асосидаги ишларни қилишга ким мажбур қилади дейсизми? “Ҳокимча” тўғридан-тўғри буйруқ бермайди, албатта. Схема қуйидагича:
1)      “Ҳокимча” мактаб директорига дўқ қилади. Кўнмайдиган директор прокуратура текшируви билан қўрқитилади. “Директор фонди” тақсимоти, молиявий маблағларга доир бошқа хужжатлар юритилиши, масалан, журналнинг ўзидан директорни ишдан бўшатишга етарли асослар топса бўлади. Директорилк эса ҳозир “ёғли жойлар”дан бири;
2)      Директор йиғилиш қилиб дўқни майдалаб ўқитувчиларга етказади. Бўйин товлаган ўқитувчиларга юқорида айтган “директор фонди” орқали босим ўтказилади ёки расмий хужжатлар текшируви, дарсга тайёрлайдиган чексиз сондаги турли “қоғоз”лар назоратини кучайтириш билан “тиррақи бузоқ”ни ўзига келтирадилар;   
3)      “Ҳокимча” буюрган иш силлиқ бажарилади.
Сопини ўзингдан чиқарганларидан кейин қаёққа ҳам борардинг.
Турли-туман йиғимлар.
      Мактабдаги турли йиғимлардан нафақат ўқувчиларнинг ота-оналари, балки ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам безор бўлишган. Кўпчилик ота-она тушуниб-тушунмай бу йиғимларни ўқитувчилар “туя қилишяпти” деб ўйлашади. Йўқ, азизлар. Бечора ўқитувчиларга тепадан “наказ” тушган, шуни бажаришлари шарт.
                Макулатура ва металлолом йиғимларининг қонуний асоси бўлмагани етмаганидек, унинг ижросини пул билан битирилиши мантиққа зид. Ёшлигимизда мактабда бундай йиғимлар бўлган. Мажбурлаш ҳозиргидек бўлмаса ҳам, нормани бажармаган ўқувчиларга танбеҳ берилган. Нормани ортиғи билан бажарганлар йиғилишларда мақталган, топширган макулатураси ва металлоломи учун пул берилган. Бу йиғимлардан мақсад кўча-кўйда ётган кераксиз қоғоз ва металл чиқиндиларини йиғиш бўлган. Ҳозир эса нормани бажариш асосий. Қизиғи нормани реал йиғилган металлолом билан топшираман десангиз қабул қилгилари ҳам келмайди. Чунки асосан, нормани бажариш учун керакли ташкилотга пул йиғиб олиб борасиз ва “фалон мактаб шунча тонна металлолом топширди” деган маълумотномани топширасиз вассалом. Йиғувчиларни кўчада ётган темир ёки қоғоз чиқиндиси билан нима иши бор. Уларнинг ўз эгаси бор.
                Мактаб фонди, синф фонди деган йиғимлар асосан локал характерга эга бўлиб, турли мактабда турлича. Асосан, мактабнинг жорий ремонти, синфлардаги ташкилий ишлар учун ишлатилади. Бу йиғимларга ҳокимият ёки бошқа давлат ташкилотларининг алоқаси йўқ. Бу борада “еб кетишлар”  йўқ. Чунки бу йиғимлар ота-оналар кенгаши орқали йиғилиб, ҳомийлик маблағи деб номланади. Уларнинг ишлатилиши борасидаги ҳисоботни бевосита ота-оналар кенгаши бошлиқлари жавоб беради.
                Обуна масаласи ҳақида яқинда давлат телеканалида яхши кўрсатув қилинди. Лекин обуна мавсуми тугаганлиги боис унинг долзарблиги ҳаминқадар бўлди. Кейинги обуна мавсумигача кўпчиликнинг эсидан ҳам чиқиб кетар. Шунинг учун бу ҳақда тўҳталмасак ҳам бўлар.
                Ғазабим қайнаб, ичим оғригани мактаб ўқувчиларидан уйларидан мактабга маҳаллий ўғит олиб келишларига мажбур қилингани бўлди. Кўпчилик ишонмайди, лекин бу рўй берган ҳолат. Ерларга ишлов беришда маҳаллий ўғитлардан унумли фойдаланиш ҳақидаги ҳукумат тавсияларига маҳаллий ҳокимиятларнинг топган йўллари шундай бўлган. Мактабга китоб-дафтарга қўшиб мол ..ўқи олиб борган ўқувчиларни кўз олдимга келтириб, ўқитувчи бўлганимдан уялдим. Қизиғи, йиғилган маҳаллий ўғитларни даласига олиб кетишга транспорт топа олмаган фермер туфайли тўп-тўп қилинган ..ўқлар мактаб ҳовлисида атрофга “ёқимли ҳид” таратиб турган. Бу йиғим ҳақида наказ берилган мажлисда иштирок этган СЭС (санитария-эпидемиология станцияси) ходимлари директорга бу антигигиена ҳолати бўйича каттагина жарима ҳам ёзиб кетишган. Бу ҳолатга кулишингни ҳам, куйишингни ҳам билмайсан.
Таклифлар, мулоҳазалар.
           Яратиб берилган шароитлар – жиҳозланган ўқув кабинетлари, замонавий техникалардан унумли фойдаланиш борасида нима таклиф қила оламан. Биринчи навбатда ўқув дастурлари асосида кўргазмали қуроллардан, техника воситаларидан фойдаланиш борасида реал қўлланмалар яратиш. Номига 1-2 дарсни кўрсатиш эмас, балки барча дарслар учун намунавий, лекин реал шароитда амалга ошириш мумкин бўлган дарс ишланмаларини яратиш ва буни ҳар бир мактабга етиб боришини таъминлаш. Бунинг учун вазирлик керак бўлса конкурслар эълон қилиб, моддий манфаатдорлик асосида бу ўқув қўлланмаларни яратиш имкониятига эга. Ўқитувчиларни бу ишларга жалб қилиш бевосита “директор фонд”лари орқали рағбатлантириш ва малака ошириш курсларидаги янги услублар (1 та синфда ўртача 35-40 та ўқувчи бўлган ва дарс вақти 45 минутлигини ҳисобга олган ва шу вақт мобайнида тиғизлаштирилган режа асосида дарс моҳиятни очиб бера оладиган) орқали амалга оширилиши керак. Бу эса малака ошириш институтларида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилардан анчагина тер тўкишларини талаб қилади. Гарчи бу нарса ўқитувчиларнинг бевосита мажбурияти бўлса-да, бошланишига улар учун “услубий ёрдам” зарар қилмайди деб ўйлайман. Электр таъминоти ҳақида бир нарса дейишга тилим бормайди.
                “Директор фонд”и ҳақида таклифим шуки, уни кимга қанча фоиз беришини директор томонидан тузилган махсус комиссия эмас, балки мактабдаги ўқитувчилар кенгаши ҳал қилсин. Номзодларга умумий талаблар бўйича балл қўйиб чиқилгандан кейин кенгаш қарори чиқарилса ва бу ҳолатда адолатлиликка катта эътибор берилса, директорнинг “ричаги” катта босим ўтказа олмайди. Умуман олганда, айтмоқчи бўлганим ҳал қилув қарорида ҳар бир ўқитувчининг иштироки бўлиши керак. Мактабга директор тайинлаш масаласини ҳам асосан мактаб жамоаси ҳал қилиши бу “фонд”ни кўзланган мақсадлар қўлида ишлатилишига катта фойда бўлади.
                Ўқитувчининг жамиятдаги роли ва аҳамиятини оширишдаги энг биринчи қадам уларнинг ойлик маошларини сезиларли оширилиши бўлса, иккинчиси маҳаллий ҳокимиятларни ўз ваколатларини суъистеъмол қилиб, турли муаммоларни ҳал қилишда “текин ресурс” сифатида фойдаланишни тўҳтатишларидир.  Ахир ким ҳам ариқ тозалаётган, далама-дала фермернинг орқасидан сарсон юрган ёки тирикчилик кўйида ишдан ташқари мардикорчилик, сотувчилик, аравакашлик (жумладан таксистлик ҳам) қилиб юрган, минг сўм бер, уч минг бер деб турли йиғимларни йиғишга мажбурланаётган одамга ҳавас қилиб ўқитувчи бўлгиси келарди.
Хулоса ўрнида.
                Бу блогпостда негатив кўпайиб кетибди деганлар ҳақ. Мен кўп позитив ўзгаришлар ҳақида батафсил тўҳталмадим. Шундай ҳам мамлакатимиз ОАВларида бу ҳақда гапириляпти. Мен асосан, муаммолар ҳақида гапиргим келди. Бунга етарли асосим ҳам, ҳаққим ҳам бор. Чунки нафақат мен, балки оила аъзоларим ҳам бу соҳанинг одамлари. Шу соҳанинг нонини еймиз. Тизимдаги муаммолардан жоним ачиб ёздим. Муаммоларда фақат давлат айбдор деган фикрдан йироқман. Биз ўқитувчиларда ҳам айб анчагина. Орзу-ҳавас ортидан қувиб, тирикчилик дардида ўқитувчига ярашмаган ишларни қилиб юрганларимиз қанча. Аслида ҳаёт шунга мажбур қилгани йўқ, биз ўзимиз ҳою-ҳавас сабаб ҳам обрўйимизни туширяпмиз. Қишлоқда тирикчиликни баҳона қилиб эшак аравада юк ташиётган ёки “метод кун”дан фойдаланиб мардикорликка чиққан домлаларни бирор бир сабаб билан оқлашни ўзимга эп кўрмайман.
                Яна кўп нарсаларни ёзмоқчи эдим, юрак кўтармади. Ўзи шу ёзганларим ҳам кўпчиликка балки ортиқча туюлар. Ким нима деса десину, лекин мен ўзимни ҳали ҳам Ватан учун жони ачийдиган фуқаро деб ҳисоблайман.

PS
                Ушбу блогпостдан ўзининг ғаразли, сиёсий ўйинларида фойдаланишни, ким бўлса ҳам, таъқиқлайман!