Сообщения

Сообщения за июнь, 2015

05-06-2015

Одам ўз иродасини кучайтира олади. Буни ўзимда синаб кўряпман. Вақтдан унумли фойдаланиш борасида бироз оқсаяпман, лекин маълум бир мақсадни амалга ошириш борасида ютуқларим бор. Илмий мақола ёзганда асосий натижани исботи билан баён қилиш мураккаб эмас. Лекин кириш қисми, мавзунинг долзарблиги, бу йўналишда қилинган ишлар эътирофи, қилинган ишнинг ўзига хослигини тушунтириш борасида доим қийналаман. Ана шу қисм жуда кўп вақтимни олади. Ҳали ўрганадиган нарсам жуда кўп. Аллоҳ бу йўлда сабрли ва матонатли қилсин.

01-06-2015

Сафарга чиқиш олдидан ҳам, сафар давомида ҳам одатдагидан кўра ўта хотиржамман. Осмону-фалакда самолёт қалтис силтаб қолганда ҳам бемалол калима қайтариб ўтиравердим. Худдики, менга жони куядиганлар, мен масъул бўлганлар йўқдай. Аслида, ҳаммамиз ҳам ўзимизни Яратганга омонат топшириб юришни ўрганишимиз керак. Банданинг қўлидан нима ҳам келарди. Мана бир ҳафтаки, ота-онам уйимда, кичик оилам билан бирга бўлди. Шу ҳам балки кўнгилни хотиржам қилгандир. Яратганнинг ўзи доим тинчликда ва хотиржамликда асрасин.

10-05-2015

Илмий мақолага хамиртуруш бўладиган бир нечта фикрлар каллада ғужғон. Баъзиларини анча-мунча пишитиб қўйганман. 2 та мақолабоп нарса якуний штрихни кутганча ётибди. Охирги пайтларда олинган илмий натижаларни илмий мақола тарзида тартибга келтириб чоп этиш ишларига бефарқроқ қараяпман. Мазкур йилдаги мақолалар сони 6 тадан кам бўлмаслиги керак. Диссертацияни ёзиш ишларига ҳам эътиборни кучайтириш керак. Аллоҳ қунт ва сабр берсин.

06-05-2015

Ишлар кўпайганидан кўпайиб боряпти. Назаримда, асосий ишлар қолиб, иккиламчи даражадаги ишларга кўп вақт ажратаётгандекман. Иш режимим бузилган. Кўнгилдаги хотиржамлик йўқолган. Қилаётган ишларимда унум йўқдек. Хаёлни жамлаб, дўппини олиб қўйиб, бир яхшилаб ўйлайдиган вақт келди шекилли. Ҳамма нарсага бирдай улгуриб бўлмайди. Бор эътиборни илм йўлидаги зарур ишларга қаратсам, бу йилда мўлжаллаган маррага анча яқинлашаман. Ҳам илм, ҳам ибодатни бирдай енгил қиладиган пайтлар келармикан?..

23-03-2015

Баъзида эринчоқликни, ялқовликни сезмаган ҳолда битирилмаган ишни "балки битмаганида бирор ҳикмат бордир" қабилида фикр юритиб янада ялқовланиб бораверамиз. Охирги ойларда ўзимда шундай ҳолатни кузатяпман. Ҳали уни, ҳали буни баҳона қилиб кунларимни беҳудага ўтказяпман. Иродамни яна бир бор синовдан ўтказишимга тўғри келади шекилли. Ҳам илмни, ҳам фарзандлар тарбиясини, қолаверса, оиланинг моддий таъминотини ҳам ўз ўрнига қўйишим керак.

21-02-2015

Маълум бир синовдан муваффақиятли ўтгач, инсон ўзини хотиржамроқ ҳис қилади. Синовгача Аллоҳга қилган нолалари ёдидан сал кўтарилади. Аслида, олдинги нолалар ўрнини шукроналик эгаллаши керакку. Инсон унутувчан жонзот. Камина ҳам мана икки кунки, имтихонни яхши топшириб олсам ҳамки, кўнгил хотиржамлигини топа олганим йўқ. Балки шукроналик етарли бўлмаганидадир.  Ҳар намозимда Аллоҳдан риёкорликдан, шайтон васвасасидан паноҳ сўрайман. Асосийси, Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин. Аҳли оилам, яқинларим билан жаннатда бирга бўлиш орзусидаман.

08-02-2015

Математиканинг ўзи билангина шуғулланиб юриш қўлимдан келмайди шекилли. Баъзида кўнгил шеър қўмсаб қолиб шеърият оламига шўнғисам, охирги кунларда сиёсат эшик қоқмай хаёлларимни паришон қиляпти. Атрофинг ҳақида ўз мустақил фикринг бўлгани яхши, лекин уни ҳадеб ҳам билдиравериш керак эмас экан. Бунинг устига сиёсат борасида бирор даъвойинг йўқ бўлса. Қилаётган илмий ишимни охирига етказиб, яна янги математик соҳаларда ишлаш тўғри қарор эканлигига шубҳам қолмаяпти.