Сообщения

Сообщения за январь, 2018

28-02-2017

Бугун қишнинг охирги куни. Эртадан расман баҳор бошланади. Оманда тўрт фасл йўқ, энг камида Масқат шаҳри атрофида. Ноябрдан мартнинг ярмигача қиш, қолган пайт ёз. Қиш деганида энг юқори температура +30 градус, энг ками +15 градус. Ёз ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Ёзнинг энг иссиқ пайтини кўрмаганман. Май охиридаги +50 градус нинг ўзи менга татиган. Намлик юқори бўлгани учун ҳам +35 градус чидашнинг ўзи бўлмайди. Лекин айни дамда об-ҳаво жуда идеал. Кўчаларни кезиб мазза қиласан. Янги ишлар қилишга илҳом оласан. Омандаги маҳаллий аҳоли бошқа араб мамлакатларига қараганда анча муомалали. Қийинчилик кўргани билинади. Бу халқни яхшироқ билиш учун унинг бозорини, мозорини кўриш керак. Бозорнику кўриб боряпман, мозорини ҳали кўрмадим.

23-02-2017

Яқинларингга меҳрингни кўрсата билишинг ҳам муҳим экан. Туғилган кун, турли байрамларда табриклашни кўп ҳолларда ўзимга эп кўрмасдим. Негадир эриш туюлаверарди. Шунча пайт хабарлашмай, кейин бир кундагина эътиборни кўрсатиш самимий ҳаракатдек кўринмасди. Лекин адашган кўринаман, айниқса, ёши улуғ яқинларимга имкон қадар эътибор кўрсатиб туришим керак. Румий ҳазратларининг "Аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби бўл" деган ҳикматида катта маъно бор экан. Эътиборли бўлиб кўриняпсанми, демак аслинг ҳам шундай бўлиши керак. Аслингда уларга катта меҳринг борми, уни кўрсатиш ҳам керак экан.

22-02-2017

Кундан-кунга фикрлашим турли эврилишларга юз тутмоқда. Лекин бу муқимлик характерига эга бўлмаган эврилишлар. Бундай ҳолатнинг биргина яхши томони маълум бир масалага турли томондан қарашни ўргатишидир. Бу борада менинг фикрим мутлақдир деган принципиалликни ёқтирмайман. Инсонда самимийлик устун бўлиши керак. Маълум бир дунёвий мақсадларга эришиш учун стратегия қўллаб ўзликдан кечмаслик керак.