Дадамнинг фикрлари-1

Дадам билан фикрлашимиз деярли бир хил. Шу сабабдан ёзганларимнинг "хамиртуруши" кўпинча дадамнинг фикри бўлади.

Вақти-вақти билан дадамнинг ёзганларидан ҳам қўйиб боришни ният қилдим.

Бугун шундай фикрлар жамланмасининг биринчисини қўяман.


Математика ва математик муаллимлар
... математика фанлар ичида шоҳ,
Унинг сирларидан бўлингиз огоҳ.
Академик Қори Ниёзий
Ҳалқимиз фаровонлиги ва миллий тараққиётимиз истиқболини илм-фансиз тасаввур этиб бўлмайди. Кишилар маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини кучайтириш, дунёвий илм-фанни миллий қадрият сифатида ривожлантириш объектив тарихий заруриятга айланган ҳозирги шароитда математика фанининг шахс ва жамиятнинг интеллектуал тараққиётидаги ўрни ва ролини илмий асосда ўрганиш ижтимоий-гуманитар фанларимиз олдида турган муҳим масалалардан биридир. Зеро, ҳамма замонларда ҳам кишилар фан деганда биринчи навбатда математикани назарда тутганлар, барча улуғ уламолар математика билан жиддий шуғулланганлар. Буюк француз мутафаккири Огюст Кант (1798-1857) нинг фанлар таснифида биринчи ўринга математикани қўйиши, ҳозирги пайтда бошланғич таълимнинг арифметикадан бошланиши, барча табиий, гуманитар ва ижтимоий мутахассисликларга математиканинг чуқур кириб бораётганлиги асло бежиз эмасдир.
         Қадимги шарқ математикага оид илмий билимларининг илк ватани бўлганлигини жаҳон илмий жамоатчилиги аллақачон эътироф этган. Марказий Осиёдан етишиб чиққан деярли барча улуғ мутафаккирлар риёзиёт (математика), мантиқ билан самарали шуғулланганлар ва улар ривожига салмоқли ҳисса қўшганлар. Буюк ватандошимиз Мусо Ал-Хоразмий ўзининг “Китоб ал-жабр вал-муқобала” (IX аср) асари билан математиканинг янги бир соҳаси алгебрага асос солган. Оллоҳнинг ягоналиги, оламнинг бирлиги инсон ақл-заковати томонидан “бир”нинг англаниши билан боғлиқ эканлигини, агар “1” бўлмаганида “2” ҳам бўлмаслигини мантиқий далиллар билан исботлашга ҳаракат қилган эди.
         Ҳозирги замон Европа фанининг дунёга келиши ва ривожланишида буюк француз математиги Рене Декарт (1596-1650) ўрни залворлидир.
         Декарт инсон борлиғининг субстанционал, яъни моҳиятли асоси сифатида унинг фикрлаш қобилиятини кўрсатган ва ўзининг машҳур “Мен фикрлаяпман, бинобарин мен мавжудман” деган ҳикматни илгари сурган эди.
         Инсон ноёб қобилиятлар соҳибидир. У фикрлаш, сўзлаш, меҳнат  қилиш, яратиш ва бошқа қобилиятлари билан барча тирик мавжудотлардан юқори мавқеда туради. Инсон қобилиятлари ўз-ўзидан табиий равишда ривожланмайди, балки ижтимоий муҳитда тарбия жараёнида такомиллашади. Қобилиятлар ичида энг муҳими ва қимматлиси фикрлаш қобилиятидир. Ҳалқ топишмоқлари, чистонлар инсон ақлини чиниқтириш ва такомиллаштиришга ёрдам берган, одам боласи кундалик хаётда йўл қўйган хато ва камчиликларидан сабоқ олиш орқали ҳам ўзининг фикрлаш қобилиятини такомиллаштирган. Бироқ бу усуллар билан инсон ақлини камол топтириш анча самарасиз ва машаққатли эди. Ниҳоят, инсоният математика воситасида ўзининг фикрлаш қобилиятини такомиллаштириш, интеллектуал камолотга эришиш имконига эга бўлган. Ана шуни назарда тутиб, улуғ рус олими М.Ломоносов “математика шунинг учун ҳам керакки, у ақлни пешлайди” деганида қанчалар ҳақ эди ёки ўзбек академиги Қори Ниёзий “математика фанлар ичида шоҳ, унинг сирларидан бўлингиз огоҳ” дея таъкидлаган эди.
         Ақл хақиқатнинг билиш қуролидир. У қанчалар ўткир, кучли ва мукаммал бўлса, унинг соҳиби шунчалар тез камол топади, ўзининг оламидаги ўрни ва вазифасини теран англайди.
         Инсон ўзининг ўткир ақли, билиш қобилияти туфайлигина табиат кучларини ўзига бўйсундиради, ижтимоий муносабатларни такомиллаштиради, ўзига муносиб ҳаёт шароитларини яратади.
         Математика соҳасида қилинадиган ҳар бир илмий кашфиёт ва янгиликнинг бутун жаҳонга зудлик билан маълум қилиниши ва бу янгилик бутун инсониятнинг муштарак ютуғи деб ҳисобланиши ҳам бежиз эмасдир.
Спортда ўрнатиладиган ҳар бир жаҳон рекорди бутун ер юзидаги ҳазрати инсоннинг жисмоний куч-қудрати, бардоши, имконияти қай даражага етганлигини кўрсатса, инсон спорт ўйинлари туфайлигина ғоят эпчил, ғоят чаққон, ғоят соғлом, ғоят куч-қудратли ва сабот-матонатли бўлишга эришса, у математика туфайли ақлий камолот чўққиларини забт этиш, ҳақиқатга кўпроқ яқинлашиш, нарса ва ҳодисалар моҳиятига тобора чуқурроқ кириб бориш имконига эга бўлади. Агар кишилар фалсафа туфайли донишмандликка яқинлашсалар, метематика туфайли оқил ва фозилликга эришадилар. Худди спортда бўлгани сингари математикада ҳам ҳалол ўйин қоидаси амал қилади. “Математика Оллоҳнинг суюкли бандалари учун инъом этган ноёб неъмати ва буюк марҳамати” деган эди бир олим. Биз математикани танламаймиз, балки математика бизни танлайди.
         У фақат тўғрисўз, ҳалол, инсоф-диёнатли кишиларнигина ўз бағрига олади.
         Математика ҳаётга эндигина кириб келаётган ва мураккаб ҳаётий муаммолар олдида турган ёш авлодга жуда қисқа вақт ичида ўз ақлий қобилиятини ривожлантириш учун яқиндан ёрдам беради. У инсондаги юксак ақлий фазилатларни тарбиялайди. Математика туфайли инсоннинг бутун руҳий олами қатъий интизомга тушади. Ақл тўғри ишлашга, тил рост сўзлашга одатланади. Математика инсондан собитқадамликни, диққатни бир нуқтага тўплашни, ирода ва сабот-матонатни, жиддийлик ва ростгўйликни талаб этади. Математика инсон тафаккури ва ҳулқ-атворида туб сифат ўзгаришларни вужудга келтиради.
         Математиканинг кўҳна шарқ донишмандлари томонидан “риёзат”, “ал-жабр” деб аталишида чуқур маъно бор. Математика билан шуғулланиш руҳни изтироб чекиши, уқубатли масалани ҳал этишга зўр беришдир. Буюк юнон файласуфи Суқрот таъкидлаганидек риёзот чекиш, изтироб ҳамиша роҳатланиш билан ёнма-ён юради, бири иккинчисини тақазо этади. Худди тўлғоқдан дард чекаётган она фарзанд туғилиши биланоқ изтироблари қувонч билан алмашгани сингари мушкул масала устида соатлаб қийналган математик масала ечимини топиши биланоқ унинг вужудини қувонч ҳисси қамраб олади. Бу тана роҳати эмас, балки фақат инсонгагина хос бўлган фақат угина ҳис этадиган маънавий интеллектуал роҳатланишдир. Ғоят мураккаб назарий масалаларни ҳал этишга одатланган ақл учун кундалик ҳаётдаги ижтимоий муаммоларни бартараф этиш ҳеч бир қийинчилик туғдирмайди.
         Шу боисдан ҳам, эҳтимол инсоният тарихида чуқур из қолдирган улуғ алломалар математика билан шуғулланишга завқли ва қизиқарли машғулот сифатида қараганлар.
Мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий тафаккур ва фалсафий дунёқарашимизда туб сифат ўзгаришлари рўй бера бошлади. Биз ниҳоят интеллектуал-маънавий тараққиётсиз ижтимоий тараққиётга эришиб бўлмаслигига, халқимиз маънавиятини юксалтириш, илм-фанни ривожлантириш орқалигина озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш мумкинлигига амин бўла бошладик.
         Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини янада муваффақиятли амалга оширишимиз учун энг аввало  мактабларимизда ўқитилаётган аниқ, табиий ва ижтимоий-гуманитар фанларнинг шахс камолоти ва жамиятимиз ривожидаги ўрнини теран идрок этишимиз, фан фан учун эмас, балки фан тараққиёт ва фаровонлик учун хизмат қилиши лозимлигини чуқур англашимиз, замонавий фан ва техникани миллий қадрият даражасига кўтаришимиз, илмий тафаккурни ривожлантиришимиз ҳаётий заруратга айланганини таъкидлаш лозим.
         Ўтган XX асрда бутун инсоният ҳаётида рўй берган барча мўжизалар космонавтика равнақи, сунъий ақл (кибернетика)нинг яратилиши, атом энергетикасидан тинч мақсадларда фойдаланиш, ахборот-коммуникацион технология (компьютер, интернет) ва бошқалар, ҳеч шубҳасиз, математика эришган буюк ютуқлардир.
         Математиканинг инсон интеллектуал тараққиётининг ўрни ҳақида гапирар эканман ёш авлодга бу фанни ўргатишга умрини бағишлаган ҳамкасбларим хаёлимдан ўтади. Инсон меҳнатининг эътирофи уни бу йўлда чеккан заҳматларини унутишга ва бу йўлда собитқадам бўлишида асосий рол ўйнайди. Ҳурматли газетхон шу ўринда ёзажак эътирофларимни малол олмас деган умиддаман.
         Туманимизда кўплаб математик муаллимлар бўлиб, машаққатли лекин шарафли касбни танлаб ёшларга риёзатдан таълим берган айримларини ажратиб айтишни хоҳлар эдим. Улардан марҳум Каримжон ака Холдаров Халқ таълимини ажойиб ташкилотчиси, туманда биринчи математик аёл марҳум Фарзинса опа Муҳиддинова, Халқ маорифи аълочиси Аниса опа Дилмуҳаммедовалар,  мураккаб масалаларни ажойиб ечимларини топадиган марҳум Ёқубжон ака Хошимов, Хошимжон хожи ака Абдурахмонов, Нўмонжон Мелибоев, Содиқжон Халимов, Абдурахим Абдуллаев, Исмоилжон Соттибоев, Рустамжон полвон Тожиевлар бўлсалар, улар билан бир сафда фаолият кўрсатган, ҳозирда нафақада бўлиб ҳаёт гаштини сураётган Абдухалим Усмонов, Қаҳҳоржон Қодиров, Маъмуржон Эшболтаев, Адхамжон Усмонов, Абдували Пўлатов, Муқаддасхон Хамидова, Лобархон Хошимова, Усмонжон Ахмаджонов, Эгамназар Султонов, Абдусалом Рахмонов, Хабибахон Ғаниева, Одинахон Давлатова каби инсонларни таълим соҳасида, нафақат таълим, балки бошқа соҳаларда фаолият кўрсатаётган минглаб шогирдлари ва ҳамкасблари фахр ва доимий юксак миннатдорчилик билан эслайдилар, ҳурмат қиладилар ва улуғлайдилар. Улар хақиқатан ҳам ўз кабини ўз фанини фидоийлари.
         Математикани амалий ва фазовий тасаввурини шакллантирадиган геометрия дарслигида баъзи масалалар бор эдики, бу масалаларда, асосан, учбурчакларда метрик муносабатлар аниқланиши, ҳисобланиши зарур эди. Математика фани шуъбасида қайси математик шу мумтоз масалани энг осон ва янги йўллар билан ечишда ўзига хос мусобақа бўлар ва мусобақада шу масалани янги-янги ечимлари топилар, бутун туман математикларини маънавий мулкига  айланар эди. Бундан таълим олаётган ўқувчилар манфаатдорлиги улкан ютуқ эди. Йигирмата масалани бир усул билан ечгандан кўра битта масалани йигирма хил усул билан ечилишига эътибор қаратардилар.
Математика фанидан туман олимпиадаси ўқувчилар учун билимдонлар баҳсига айланарди. Муаллимлар эса “тарафкашлик” қилмасдан олимпиада масалаларини таҳлил қилишар, олимпиадада энг кучли ўқувчини танлашга эътибор берилар, бу борада методика кабинети мудири вазифасида узоқ йиллар ишлаган, ажойиб зукко математик, халқ маорифи аълочиси Қаххоржон ака Қодиров, қарийиб 30 йил туман математикларини услубчиси бўлиб ишлаган Халқ таълими аълочиси Одинахон Давлатова, ғоят синчков ижобий маънодаги “инжиқ” устоз Абдували Пўлатов билимдонлар баҳсига адолат ила баҳо берар эдилар.
         Айрим математик муаллимларни “елкали” домлалар деб ҳам аташади. Ҳақиқатан шундайлари ҳам бор. Масалан Рустам полвон Тожиев (директорлик даврида), Эгамназар ака Султоновлар туман Халқ таълими кенгашида масала ечиб ўтиришар, кўриладиган масалани мутлоқ эшитмас, шу сабабли кенгашда бир неча бор танбеҳ ҳам эшитардилар.
         Каримжон ака Холдаров билан Абдухалил ака Усмонов ўта шахматга қизиққанлиги учун дарс машғулотларига кечикиб ҳам боришар эдилар. Бу инсонларни энг улуғ хизматлари, яъни туман мактабларида математик муҳит яратганлари бундай “кичик эркаликлар”ини ювиб кетарди.
         Ҳозирги кунда ҳам туманда шу математик муҳит сақланиб келинмоқда. Ажойиб математик, “Шухрат” медали соҳиби Дехқонов Мухамаджон тест ечишнинг “пири” ҳисобланадиган бўлса, Тожимамат Худоберганов, Қахрамонжон Исмоилов, Муроджон Назаров ва бошқа математиклар кекса математикларни анъанасини муваффақиятли давом эттириб келаётган муносиб давомчилар ҳисобланишади.
Ушбу мақолани ёзишда дастлаб математиканинг ҳозирги даврда ёшлар тарбиясидаги муносиб ўрнини кўрсатишни бош мақсад қилгандим, охирида эса бу йўлда фидокорона хизмат қилган ва қилаётган ҳамкасбларимни эътироф этишдан ўзимни тиёлмадим. Бундан мақсад эса ҳар қандай замонда ҳам жамиятда ўзининг муносиб юксак ўрнига монанд устозларни улуғлаш, уларни ёшларимизга ўрнак қилиб кўрсатишдир.
Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси                      Тўлқинжон Каримов

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

Antiqa ko'rsatuv

Siyosiy gazetalar haqida

Ўқувчиларни математика фанига қизиқтиришнинг яна бир усули ҳақида