Таълим тизими муаммолари-1

Кириш
Таълим тизими ҳар қандай мамлакатнинг қон томири десам адашмаган бўламан. Келажак учун қўйиладиган дастлабки қадам таълим тизимини тўғри йўлга қўйишдан бошланади. Бу ислоҳотларнинг натижаси маълум вақт ўтибгина маълум бўла бошлайди. Бу давр оралиғида тўғри йўлдан кетиляптими-йўқми, оралиқ натижалар орқали маълум хулосалар қилиб борилади. Агар тўғри йўлдан тойилган бўлса, керакли ўзгартиришлар қилинади ва яна кутилади.

Юқорида ёзганим деярли ҳамма биладиган нарса. Бизнинг мамлакатда ҳам мустақилликка эришгач бу йўналишдаги ислоҳотларнинг ўтказилиши долзарб вазифалардан бири бўлган. Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурининг 1997 йилдагина қабул қилиниши бу ислоҳотга анча вақт тайёргарлик кўрилганини билдириб турибди. Дастурдаги ғоялар яхши ўйланган, уни амалга ошириш тартибида ҳам мазмун бордек. Юқорида айтган муддат ҳам келганлигидан дараклар бор. Лекин кутилган натижаларга эга бўляпмизми? Бу ҳақда объектив маълумотлар оммалашмагандек. "Ахборот", "Давр"да бериладиган лавҳалар кўпчиликда ишончли таассурот қолдирмагандек туюлади. Сабаби лавҳалардаги самимийлик йўқлигидир ёки лавҳаларнинг ўта расмийлигидан сабаб қидириш керакмикан, билмадим. Майли, бу борадаги камчиликлар ҳақида яна тўхталармиз. Ҳозир эса таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий нуқталарига тўхталсак.
1-муаммо
Дастлабки таъкидламоқчи бўлганим, мажбурий таълимни 12 йиллик тизимига ўтганимиз. Олдинги 11 йиллик ўрта умумтаълим мактаблари ва иқтидорли болалар учун лицей, мактаб-интернатлари орқали бериладиган таълим 9 йил ўрта умумтаълим мактабларида ва 3 йил академик лицей, касб-ҳунар коллежларида бериладиган бўлди. Ҳукуматнинг бу борадаги дастлабки қадами биз учун унча ҳам янги бўлмаган (олдинги лицей ва техникумларнинг модификацияси) академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини яратишдан бошланди. Қўлимда статистика маълумотлари бўлмаганлиги учун умумий маълумот тарзида бу муассасаларнинг баъзилари эски лицей ва мактаб-интернатлар базасида очилган бўлса, кўп қисми янгитдан бунёд этилди деб ёзсам хато қилмаган бўламан. Давлатимиз бу борада жуда кўп маблағ сарф этди. Биноларнинг замонавий, қулай кўринишида бўлишидан тортиб, ўқув жиҳозлари ва кабинетларини замон талаблари даражасида бўлишига катта эътибор берилди. Ажратилган маблағларни тўғри сарфланиши борасида эса, афсуски етарлича назорат ўрнатилмади. Бунинг оқибатларини ёпиш эса ўша муассаса жамоалари гарданига тушди ва ҳануз тушмоқда. Яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланишга етарлича эътибор берилмади десам балки бироз қўпол эшитилар, лекин янги очилган бу муассасаларнинг ҳаммасида ҳам лаборатория жиҳозлари, компьютер техникасидан фойдалана оладиган миллий дастурдаги таълим стандартлари даражасида дарс бера оладиган ўқитувчилар жамоаси шаклланиб улгурмаган эди. Бу борада хозирда ҳам муаммолар етарлича. Малака ошириш курслари орқали бу муаммони ҳал этишга ҳаракатлар бор, лекин эффективлиги кўзга унча ташланмаяпти.

Мен эътироз билдирмоқчи бўлганим, 12 йиллик таълимнинг асосий шакли. 9 йиллик умумтаълим мактаблари мамлакатни бир текисда қоплаб олгани ҳолда, кейинги босқичдаги муассасалар 9-синф битирувчиларини оптимал равишда қоплай олмаётгани яққол кўриниб турибди. Мисол учун Фарғона вилояти Бағдод туманида 1 та академик лицей борлигини ҳисобга олсак, 50 та мактабнинг 9-синфини битирган тахминан 1500 та ўқувчидан нечтасига бу академик лицейга жойлаша олиш бахти насиб қиларкин? Насиб қилганда ҳам кунда туман марказига бориб ўқиш осон бўлмайди. Қолганлар эса ҳудудига яқин касб-ҳунар коллежларига (туманда 3 ёки 4 та) боришларига тўғри келади. Қизиқишига қараб борай деса анча узоққа қатнаши керак бўлади. Бу муассасаларнинг қабул комиссияси аввало ўз ҳудудини қамраб олиши ҳақидаги кўрсатмага эга эканлигини ҳисобга олсак, "бегона"га жой тегиши ҳам гумонроқ. Мана неча йиллардан бери жойланиб келяптику деган эътирозларга индамай кўнсак-да, бир савол ичимизда ғулғула пайдо қилади. Мисол учун туманнинг бир ҳудудида педагогикага ихтсослашган коллеж фаолият юритмоқда. Мана 5 йилдан бери кичик педагог кадрларни етиштириб бермоқда. Битирувчиларнинг маълум қисми ҳудуддаги боғча ва мактабларга жойлашди ҳам дейлик. Қолган битирувчиларга ишни қаердан топамиз? Ёки бу ҳудудда педагог кадрлар етарли бўлди деб коллежнинг ихтисослик йўналишини ўзгартирамизми? Бу муаммолар юзага қалқиб чиққанига бир мунча вақт бўлиб қолди. Балки мутасаддилар бу ҳақда бош қотиришиб бирор йўлини топиш ҳаракатида бўлсалар эҳтимол. Лекин айни пайтда бу коллежлар педагогик жамоаси битирувчиларини ишга жойлай олмай жонлари ҳалаклиги рост гап. Ҳар бир битирувчини реал иш жойи билан таъминланишига жамоадаги ўқитувчилар жавобгар бўлиб турибди. Бошқа кимни ҳам жавобгар қилиш мумкин? Ўзинг ўқитдингми, ўзинг ишга жойлайсан! Агар "халтура" маълумотнома берадиган бўлсанг, нақд прокурорнинг чангалига тушасан! Айни пайтда коллеж ўқитувчилари шу муаммо кўйида куйиб-ёнмоқдалар. Топшириқни бажармас экан, таътил пулидан умидни узишга тўғри келади.

Узр, лирик чекинишларнинг сабаби ушбу муаммолардан бевосита хабардорлигимдир. Маъзур тутасиз.

Бу босқич муассасаларининг ўқув программалари миллий дастурдаги таълим стандартлари асосида тузилган бўлиб, катта хатолар тополмайсан киши. Лекин фанлар бўйича жузъий камчиликлар мавжуд. Бу энди мутахассислар ичида баҳслашадиган нарсалар. Миллий дастурга мувофиқ бу муассасаларда магистр унвонига эга бўлган кадрлар дарс бериши кўзда тутилган эди, лекин магистрлар олий таълим муассасаларидан ортмай қоладиганга ўҳшайди. Бу эса 3-муаммо бўлиб, унга 3-мақола, йўғ-е, фикрлар жамланмасида тўҳталамиз.

2-"мақолам" эса мактаблар ҳақида бўлади. Ана ўша "мақола"да бу тизимдаги муаммоларни бартараф этиш борасидаги субъектив таклифларимни баён этаман.


Ҳозирча ёзганларимни ўқиш учун сарфлаган вақтингизга рози бўлинг.

Комментарии

  1. Maqolaga gap yo'q, dolzarb mavzu va imlo,grammatik xatolardan holi yozilgan. Keyingi maqolalar so'rovnoma natijalari asosida yozilsa juda yaxshi bo'lar edi,rahmat.

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Ўзим ҳам бу ҳақда ўйланяпман, изланяпман. Шунинг учун мақола ёзилганидан анча ўтиб қўйилмоқда. Кейингиларини ҳам вақт ўтиб қўйсам керак.

      Удалить
  2. Жудаям керели ва бахсбоп мавзу. Рахмат

    ОтветитьУдалить

Отправить комментарий

Популярные сообщения из этого блога

Antiqa ko'rsatuv

Siyosiy gazetalar haqida

Ўқувчиларни математика фанига қизиқтиришнинг яна бир усули ҳақида