Таълим тизими муаммолари-2



Бироз статистика.
Мамлакатимиз таълим тизимининг 2-босқичида турувчи, ўрта умумтаълим муассасаси бўлмиш мактаблар бу тизимнинг энг муҳим бўғинидир. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бевосита бу таълим муассасаларига жавобгар вазирликдир. Шунинг учун вазирлик томонидан эълон қилинган статистик маълумотлар (http://uzedu.uz/uzb/info/schools/) бизга нималардан дарак бераётганига эътибор берсак.
Мамлакатимизда 4468101 нафар ўқувчи бўлгани ҳолда 9765 та мактаблар фаолият олиб боради. Бу дегани ҳар бир мактабда ўртача 458 тадан ўқувчи бор. Бу кўрсаткич ёмон эмас. 68 та бошланғич мактаб, 9536 та 9 йиллик мактаб билан бир қаторда, 73 та 11 йиллик мактабнинг борлиги эса ўтган сафарги блогпостимизда таъкидлаган муаммо – академик лицей ва коллежларнинг ҳамма худудга ҳам текис тақсимланмаганини бир мунча ҳал қилишга қаратилган, менимча. Ўтган ўқув йилида 11 йиллик мактабларни 4083 та ўқувчи битирган. Кўп миллатли мамлакат эканлигимизни ҳисобга оладиган бўлсак 8742 та ўзбек тилидаги мактаблардан ташқари 377 та қорақалпоқ, 848 та рус, 417 та қозоқ, 256 та тожик ва 60 та қирғиз тилида таълим берувчи мактаблар борлиги табиийдир.
Мактабларда фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар 410654 та бўлиб, бу ҳар бир мактабда ўртача 42 тадан ёки ҳар 10 та ўқувчига 1 тадан ўқитувчи тўғри келади. Лекин ўқитувчиларнинг 71.1 % ини аёллар ташкил қилиши, тугалланмаган олий (бакалавр даражасига эга) маълумотга эгалари 0.6% (1326 нафар) эканлиги одамда баъзи ташвишли саволларни пайдо қилади. Бу тизим учун кадр тайёрлаб берадиган 5 та педагогик институт бўлиб, уларда 25129 нафар талаба таҳсил олар экан. Наҳотки шунча талабадан фақатгина 1326 тасигина мактабда ўқитувчилик қилишга бел боғлаган? Иш ўрни етишмаслигими бу ёки бошқа сабаб қидириш керакдир?
Умидбахш ислоҳотлар ва тушунарсиз ижролар.
                Мактабларимизни замонавийлаштириш, моддий-техник, ўқув-услубий базасини бойитиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди ва борилмоқда. Кўпгина қишлоқ мактаблари капитал таъмирдан чиқарилди, замонавий компьютер синфлари келтирилди. Физика, кимё, биология ва бошқа фан кабинетлари кўргазмали жиҳозлар билан таъминланди. Кўрсангиз кўзингиз қувнайди. Улардан фойдаланиш бобида эса афсуски мақтана олмаймиз. Кўпгина ҳолларда ўқитувчиларнинг бефарқлиги сабаб қилиб кўрсатилса, ундан кам бўлмаган ҳолларда (асосан қишлоқ мактабларида) электр энергия таъминотига доимий узилишлар бу ишнинг “белига тепиб” турибди.
                Ҳар бир мактабнинг юридик шахс сифатида ўз молиявий ҳолатини бевосита давлат молия идоралари билан ҳал қилиниши борасидаги ислоҳотлар ҳар ҳолда олдинги ҳолатдан яхшироқдек кўринади. Лекин бу тизимдан жойлардаги ҳокимиятлар “шантаж” йўлида фойдаланаётгани афсусланарли ҳолат. Бу ҳақда яна батафсил тўҳталамиз.
                Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари охирги йилларда сезиларли ошди. Лекин эркак киши учун оила бошлиғи сифатида рўзғор тебратишга етмаслиги сир эмас. Асосан шу сабабдан ҳам статистикада ўқитувчиларнинг 71.1 % и аёллар. Вилоятдаги мактаб ўқитувчиларнинг ойлик маошлари 100% пластик карталарда берилаётганига анча йиллар бўлди. Уни нақд пул қилиш йўлларини ўқитувчилардан яхшироқ фақат савдогарлар билса керак холос. Оқибатда йўқотиладиган арзимас 10-15% кўзга кўринмайди. Пластик карточкадаги виртуал пулдан гигиеник жиҳатдан тоза бўлмаса-да қоғоз пулга нима етсин. Ҳар ойлик маошдан электр энергия ва газ учун маълум миқдордаги пул ушланиб қолиб тегишли коммунал хизмат ташкилотларига ўтказилаётгани ҳам кўпчиликка маълум. Ҳар ойдаги бундай тўловлари билан давлатнинг “электросеть” ва “райгаз”ини қарз қилиб қўйган ўқитувчилар кўкрак кериб бу идораларнинг эшигини бемалол “тепиб” киришади деб ўйлаган бўлсангиз, адашдингиз. У идорадаги масъуллар буни одатий ҳол, яъни ўқитувчиларнинг мажбурияти деб билишлари ҳам сир бўлмай қолди.
                Ўқитувчиларни рағбатлантириш учун ташкил этилган  ва менимча, яхши ўйланган “директор фондлари” айрим директорлар учун яхшигина босим ўтказиш ричаги бўлиб қолгани ачинарли. Моддий манфаат кўриш воситаси эканлиги ҳақида ҳам гап-сўз кўп, лекин бу ҳақда ёзгимиз йўқ.
              Педагогик-ходимларнинг малакасини ошириш тизимини эффективлаштириш борасида ҳам яхши ислоҳотлар ўйланди, амалга оширишда эса кўпроқ расмийлаштиришга эътибор қаратилиб, асосий мақсад – ўқитувчилар малакасини ошириш, замонавий педагогик технологиялар билан таништириш сал эътибордан четда қоляпти. Қоғозда ҳаммаси зўр, лекин амалда...
Педагог – бола етаклаган ҚУЛ.
                Минг афсуслар бўлсинки, айрим маҳаллий ҳокимият вакиллари бюджетдан маблағ оладиган ўқитувчи, тарбиячиларни давлат учун ҳеч нарса ишлаб чиқармайдиган “текинхўр”лар деб тушуниб, шунга яраша муносабат қилишлари эпидемия тусини олган десам балки ваҳима қилган бўларман. Аммо бундай муносабатни мамлакатимизнинг ихтиёрий вилоятида учрата олишингиз рост гап. Бундай “ҳокимча”лар педагогларни ростакам ҚУЛ деб кўришлари ва бундай тушунча-ю, қилаётган ишлари билан ҳамон жойида ишлаб юрганлари одамни ажаблантиради.
                Ҳозирги пайтда қишлоқ хўжалигини ўқитувчиларсиз бошқариб бўлмай қолди. Ҳокимиятда ўтказиладиган турли мазмундаги, асосан, қишлоқ хўжалигига оид йиғилишларга мактаб директорлари, боғча мудираларининг иштироки шарт бўлиб қолган. Чунки иштирок этиши зарур бўлган фермерларнинг аксарияти бундай мажлислардан безган. Уларнинг ўрнини, улар қиладиган ишларни директорлар бўйнига юклатилади. Фалон фермер хўжалигига ҳокимият вакили сифатида бириктирилган ўқитувчи энди фермер хўжалиги ишларини назорати билан шуғулланишга мажбур. Ҳар мажлисда бу борада ҳисобот бериши, ўз ишини эплолмайдиган фермер хўжалик раҳбари ўрнига “ҳокимча”нинг сассиқ гапини эшитишга мажбур.
Пахта йиғим-терим мавсумида ихтиёрий равишда ёрдам беришликни тушунгандек бўламиз. Чунки пахта ҳар ҳолда сиёсий масала. Лекин баъзи ҳолларда ариқ қазиш, йўл тозалаш каби ишларда ҳам ўқитувчиларнинг “беминнат хизматлари”га ёпишиб олиш тўғримикан? Албатта НОТЎҒРИ!
Ипак толасини етиштириш мавсумида ҳам катта саҳнага яна ўқитувчилар чиқарилади. Бу сафар бутун бир мактаб коллективи биргаликда. Фермер хўжаликлар билан бир қаторда ҳар бир мактаб жамоасига ҳам “ихтиёрий-мажбурий” тарзда ипак қуртлари тарқатилиб нормани бажариш буюрилади. Йўлини топишга ўрганиб қолган мактаб жамоаси ипак қуртларига кунда барг етказиб бериш ва албатта кўриладиган моддий зарар (уйни ремонт қилиш, масалан)ни қоплаш шарти билан одамлар топади. Чиқим эса ойликдан йиғилади. Йиғим нақд пулда, пластикда пул йиғиш имконсиз.
Бундай жамоатчилик асосидаги ишларни қилишга ким мажбур қилади дейсизми? “Ҳокимча” тўғридан-тўғри буйруқ бермайди, албатта. Схема қуйидагича:
1)      “Ҳокимча” мактаб директорига дўқ қилади. Кўнмайдиган директор прокуратура текшируви билан қўрқитилади. “Директор фонди” тақсимоти, молиявий маблағларга доир бошқа хужжатлар юритилиши, масалан, журналнинг ўзидан директорни ишдан бўшатишга етарли асослар топса бўлади. Директорилк эса ҳозир “ёғли жойлар”дан бири;
2)      Директор йиғилиш қилиб дўқни майдалаб ўқитувчиларга етказади. Бўйин товлаган ўқитувчиларга юқорида айтган “директор фонди” орқали босим ўтказилади ёки расмий хужжатлар текшируви, дарсга тайёрлайдиган чексиз сондаги турли “қоғоз”лар назоратини кучайтириш билан “тиррақи бузоқ”ни ўзига келтирадилар;   
3)      “Ҳокимча” буюрган иш силлиқ бажарилади.
Сопини ўзингдан чиқарганларидан кейин қаёққа ҳам борардинг.
Турли-туман йиғимлар.
      Мактабдаги турли йиғимлардан нафақат ўқувчиларнинг ота-оналари, балки ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам безор бўлишган. Кўпчилик ота-она тушуниб-тушунмай бу йиғимларни ўқитувчилар “туя қилишяпти” деб ўйлашади. Йўқ, азизлар. Бечора ўқитувчиларга тепадан “наказ” тушган, шуни бажаришлари шарт.
                Макулатура ва металлолом йиғимларининг қонуний асоси бўлмагани етмаганидек, унинг ижросини пул билан битирилиши мантиққа зид. Ёшлигимизда мактабда бундай йиғимлар бўлган. Мажбурлаш ҳозиргидек бўлмаса ҳам, нормани бажармаган ўқувчиларга танбеҳ берилган. Нормани ортиғи билан бажарганлар йиғилишларда мақталган, топширган макулатураси ва металлоломи учун пул берилган. Бу йиғимлардан мақсад кўча-кўйда ётган кераксиз қоғоз ва металл чиқиндиларини йиғиш бўлган. Ҳозир эса нормани бажариш асосий. Қизиғи нормани реал йиғилган металлолом билан топшираман десангиз қабул қилгилари ҳам келмайди. Чунки асосан, нормани бажариш учун керакли ташкилотга пул йиғиб олиб борасиз ва “фалон мактаб шунча тонна металлолом топширди” деган маълумотномани топширасиз вассалом. Йиғувчиларни кўчада ётган темир ёки қоғоз чиқиндиси билан нима иши бор. Уларнинг ўз эгаси бор.
                Мактаб фонди, синф фонди деган йиғимлар асосан локал характерга эга бўлиб, турли мактабда турлича. Асосан, мактабнинг жорий ремонти, синфлардаги ташкилий ишлар учун ишлатилади. Бу йиғимларга ҳокимият ёки бошқа давлат ташкилотларининг алоқаси йўқ. Бу борада “еб кетишлар”  йўқ. Чунки бу йиғимлар ота-оналар кенгаши орқали йиғилиб, ҳомийлик маблағи деб номланади. Уларнинг ишлатилиши борасидаги ҳисоботни бевосита ота-оналар кенгаши бошлиқлари жавоб беради.
                Обуна масаласи ҳақида яқинда давлат телеканалида яхши кўрсатув қилинди. Лекин обуна мавсуми тугаганлиги боис унинг долзарблиги ҳаминқадар бўлди. Кейинги обуна мавсумигача кўпчиликнинг эсидан ҳам чиқиб кетар. Шунинг учун бу ҳақда тўҳталмасак ҳам бўлар.
                Ғазабим қайнаб, ичим оғригани мактаб ўқувчиларидан уйларидан мактабга маҳаллий ўғит олиб келишларига мажбур қилингани бўлди. Кўпчилик ишонмайди, лекин бу рўй берган ҳолат. Ерларга ишлов беришда маҳаллий ўғитлардан унумли фойдаланиш ҳақидаги ҳукумат тавсияларига маҳаллий ҳокимиятларнинг топган йўллари шундай бўлган. Мактабга китоб-дафтарга қўшиб мол ..ўқи олиб борган ўқувчиларни кўз олдимга келтириб, ўқитувчи бўлганимдан уялдим. Қизиғи, йиғилган маҳаллий ўғитларни даласига олиб кетишга транспорт топа олмаган фермер туфайли тўп-тўп қилинган ..ўқлар мактаб ҳовлисида атрофга “ёқимли ҳид” таратиб турган. Бу йиғим ҳақида наказ берилган мажлисда иштирок этган СЭС (санитария-эпидемиология станцияси) ходимлари директорга бу антигигиена ҳолати бўйича каттагина жарима ҳам ёзиб кетишган. Бу ҳолатга кулишингни ҳам, куйишингни ҳам билмайсан.
Таклифлар, мулоҳазалар.
           Яратиб берилган шароитлар – жиҳозланган ўқув кабинетлари, замонавий техникалардан унумли фойдаланиш борасида нима таклиф қила оламан. Биринчи навбатда ўқув дастурлари асосида кўргазмали қуроллардан, техника воситаларидан фойдаланиш борасида реал қўлланмалар яратиш. Номига 1-2 дарсни кўрсатиш эмас, балки барча дарслар учун намунавий, лекин реал шароитда амалга ошириш мумкин бўлган дарс ишланмаларини яратиш ва буни ҳар бир мактабга етиб боришини таъминлаш. Бунинг учун вазирлик керак бўлса конкурслар эълон қилиб, моддий манфаатдорлик асосида бу ўқув қўлланмаларни яратиш имкониятига эга. Ўқитувчиларни бу ишларга жалб қилиш бевосита “директор фонд”лари орқали рағбатлантириш ва малака ошириш курсларидаги янги услублар (1 та синфда ўртача 35-40 та ўқувчи бўлган ва дарс вақти 45 минутлигини ҳисобга олган ва шу вақт мобайнида тиғизлаштирилган режа асосида дарс моҳиятни очиб бера оладиган) орқали амалга оширилиши керак. Бу эса малака ошириш институтларида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилардан анчагина тер тўкишларини талаб қилади. Гарчи бу нарса ўқитувчиларнинг бевосита мажбурияти бўлса-да, бошланишига улар учун “услубий ёрдам” зарар қилмайди деб ўйлайман. Электр таъминоти ҳақида бир нарса дейишга тилим бормайди.
                “Директор фонд”и ҳақида таклифим шуки, уни кимга қанча фоиз беришини директор томонидан тузилган махсус комиссия эмас, балки мактабдаги ўқитувчилар кенгаши ҳал қилсин. Номзодларга умумий талаблар бўйича балл қўйиб чиқилгандан кейин кенгаш қарори чиқарилса ва бу ҳолатда адолатлиликка катта эътибор берилса, директорнинг “ричаги” катта босим ўтказа олмайди. Умуман олганда, айтмоқчи бўлганим ҳал қилув қарорида ҳар бир ўқитувчининг иштироки бўлиши керак. Мактабга директор тайинлаш масаласини ҳам асосан мактаб жамоаси ҳал қилиши бу “фонд”ни кўзланган мақсадлар қўлида ишлатилишига катта фойда бўлади.
                Ўқитувчининг жамиятдаги роли ва аҳамиятини оширишдаги энг биринчи қадам уларнинг ойлик маошларини сезиларли оширилиши бўлса, иккинчиси маҳаллий ҳокимиятларни ўз ваколатларини суъистеъмол қилиб, турли муаммоларни ҳал қилишда “текин ресурс” сифатида фойдаланишни тўҳтатишларидир.  Ахир ким ҳам ариқ тозалаётган, далама-дала фермернинг орқасидан сарсон юрган ёки тирикчилик кўйида ишдан ташқари мардикорчилик, сотувчилик, аравакашлик (жумладан таксистлик ҳам) қилиб юрган, минг сўм бер, уч минг бер деб турли йиғимларни йиғишга мажбурланаётган одамга ҳавас қилиб ўқитувчи бўлгиси келарди.
Хулоса ўрнида.
                Бу блогпостда негатив кўпайиб кетибди деганлар ҳақ. Мен кўп позитив ўзгаришлар ҳақида батафсил тўҳталмадим. Шундай ҳам мамлакатимиз ОАВларида бу ҳақда гапириляпти. Мен асосан, муаммолар ҳақида гапиргим келди. Бунга етарли асосим ҳам, ҳаққим ҳам бор. Чунки нафақат мен, балки оила аъзоларим ҳам бу соҳанинг одамлари. Шу соҳанинг нонини еймиз. Тизимдаги муаммолардан жоним ачиб ёздим. Муаммоларда фақат давлат айбдор деган фикрдан йироқман. Биз ўқитувчиларда ҳам айб анчагина. Орзу-ҳавас ортидан қувиб, тирикчилик дардида ўқитувчига ярашмаган ишларни қилиб юрганларимиз қанча. Аслида ҳаёт шунга мажбур қилгани йўқ, биз ўзимиз ҳою-ҳавас сабаб ҳам обрўйимизни туширяпмиз. Қишлоқда тирикчиликни баҳона қилиб эшак аравада юк ташиётган ёки “метод кун”дан фойдаланиб мардикорликка чиққан домлаларни бирор бир сабаб билан оқлашни ўзимга эп кўрмайман.
                Яна кўп нарсаларни ёзмоқчи эдим, юрак кўтармади. Ўзи шу ёзганларим ҳам кўпчиликка балки ортиқча туюлар. Ким нима деса десину, лекин мен ўзимни ҳали ҳам Ватан учун жони ачийдиган фуқаро деб ҳисоблайман.

PS
                Ушбу блогпостдан ўзининг ғаразли, сиёсий ўйинларида фойдаланишни, ким бўлса ҳам, таъқиқлайман!
               

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

Ўқувчиларни математика фанига қизиқтиришнинг яна бир усули ҳақида

Siyosiy gazetalar haqida

Antiqa ko'rsatuv