Сообщения

Сообщения за сентябрь, 2018

07-05-2018

Мана орадан қарийб 2.5 ой ўтиб яна ёзяпман. Бу ўтган кунлар самарали бўлди деб айтолмайман. Кундалик ёзишга эса ҳафсала бўлмади. Фейсбукда фаолроқ бўлдим, телеграмда махсус гуруҳларда ҳам турли мавзуларда баҳслашдим. Илмий ишим, тўғрироғи, диссертациям бўйича эса тайинли иш қилмадим. 27-апрель куни эса устозим Маҳмуд Салоҳиддинович оламдан ўтиб қолди. Гарчи устозимнинг ёши улуғ бўлиб, бу нарса кутилган бўлса ҳам, менга қаттиқ таъсир қилди. Бир суянадиган устунимни йўқотгандек бўлдим. Диссертация ишимнинг ҳимояси қандай кетиши нисбатан мавҳумроқ бўлиб қолди. Аслида ўзим докторликни ҳимоя қилишга унчалик ҳам ишқибоз эмасман, лекин кўп факторлар мени шунга мажбур қилмоқда. Рамазон ойи тугагач, кузгача яна бир қараб чиқарман. Ҳозир бошқа қиладиган ишлар бор. Илм қилишдан олдингичалик завқ олмай қўйдим. Балки бу вақтинчадир. Нима бўлганда ҳам илмдан узоқлашгим йўқ.

24-02-2018

Яна куннинг, вақтнинг тез ўтиб кетаётганидан нолийман. Ё мен шунчалик қунтсиз бўлиб кетдим ёки кунларнинг самарадорлиги умуман ёқмаяпти. Нима бўлганда ҳам ўзим ўзимдан норозиман. Ҳаётда дуч келганим озгина қаршилик мени буткул енгиб қўйгандек. Курашувчанлик ҳисси умуман йўқ. Одамларга ишонч ҳисси ўзимга бўлган ишончдан ҳам пастдек гўё. Ич-ичимдан бундан кўпроғига қодир эканимни сезяпман. Кўп эмас, озгина ўзимни "қийнашим" анча яхши натижа олиб келишига ҳам ишончим комил. Лекин қунтсизлик, балки ялқовлик ҳамма ишнинг белига тепиб турибди. Ўзимга бўлган беқиёс (балки асоссиз) ишонч туфайли барча юмушларни охирги муддатга қадар суриб юриб бажариш одатга айланди. Кўп ҳолларда тасодиф туфайли бу ишларни керакли сифатда бажара олаётган бўлсам, баъзи ҳолатларда ишлар бажарилмай қолиб кетяяпти. Энг даҳшатлиси, бунда ўзимни айбдордай ҳис қилмай қўйдим. Кўп ишларда масъулиятни бўйнимга олгим келмай қолганлиги ўзимга маъқул эмас.

19-02-2018

Кунлар шундай тезликда ўтиб боряптики, кун мобайнида мундоқ жиддий ўтириб фикр қилишга фурсат тополмаяпман. Бажарилиши шарт бўлган юмушлар билан андармон бўлиб вақт ўтганини билмай қоляпман. Буёққа келишдан олдин сафарда анча ишларимни битириб оларман деган доимий оптимистик режалар тузганман. Мана қарийб бир ой бўлди ҳамки илмий иш борасида зиғирча ҳам иш қилмадим. Докторлик ишимга боғлиқ воқеалар таъсиридан ҳали ҳам чиқиб кета олганим йўқ. Шу кунларда ўзимни қўлга олиб ишни бошламасам бўлмайди. Уммонлик шериклар билан ҳам ҳечқурса битта мақола тайёрлаб қўйишим керак. Миша билан мақола ҳам қолиб кетяпти. Ўзим асосий деб ҳисоблаган ишимни ҳам чоп этишим керак. хабар.уз билан ҳамкорлик борасидаги ишлар ҳам, илм-фан, таълим соҳасидаги ислоҳотлар бўйича изланишлар ҳам айни пайтда мен учун долзарблигини йўқотган.  Қунтим етса араб тилини ўрганишим ўзим учун энг фойдали деб ҳисоблаяпман.

03-02-2018

Катта мавзуда чуқур изланиш олиб бориш керакми ёки турли мавзуларда қадамба-қадам тадқиқотлар олиб бориш тўғримикан? Биринчи йўналишда кетадиган бўлсам илмий натижалар дарров чиқиб қолмайди, чоп этилган мақолалар сони жуда кам бўлади. Иккинчи йўналишда нисбатан кўпроқ мақолалар чоп этиш мумкин, лекин олинган илмий натижаларнинг савияси пастроқдек туюлади. Қарийб 16 йиллик илмий фаолиятимда биринчи йўлдан кетмабман. Чоп этилган илмий мақолаларим сони 40 дан ортган бўлса ҳам нуфузи катта илмий натижани олмагандекман. Балки оладиган натижам ҳали олдиндадир.

30-01-2018

Бугун университетдаги ҳамкасблар билан самимий гаплашдик. Амаду, Антон, Бала, Меҳи ва Манхаслар билан суҳбатимиз қизиди. Себти ўз усулида ҳазиллар билан кулдирди. Бир томондан суҳбатдошларим билан манфаатлар тўқнашуви йўқлиги самимий суҳбатлар сабабчисидир деган ўйга борсам, бошқа томондан балки ҳар қандай ҳолда ҳам шундай суҳбатлар рўй берар деб ўйладим. Ўтган яқин ойларда Тошкентда айнан манфаатлар тўқнашуви туфайли таниш одамларни бошқа қиррадан кўра олдим. Ўзимда ҳам турли ҳаётий вазиятлар сабаб турлича ёндошувларни сездим. Баъзи масалаларда ўта субъектив фикрга эга бўлганимдан афсусландим, уялдим. Етти ўйлаб, бир гапириш камроқ хатоларга йўл қўйишга имкон берса, одамлар ҳақида якуний фикрга келишда жуда кўп факторларга эътибор бериш ва имкон қадар узоқ муддат давомидаги кузатишларга таяниш керак экан. Айнан 40 ёшдан ўтиб кўп хатоликларга йўл қўя бошлаганимга ўзим тушунмайроқ турибман. Маълум бир сабабларга кўра "ўтиш ёши" имтихонини яхши топшира олмаётгандекман