Сообщения

27-03-2016

Ҳар бир одам ўзига хос индивидуал характерга эга бўлади. Характер неча ёшда тўла шаклланиб бўлиши ҳақида билмайман. Лекин биринчи марта характеримни ўзгартиришга бўлган уринишим талабалик пайтимга тўғри келса керак. Охирги йилларда бундай уринишлар сони кўпайгандан кўпаймоқда, лекин барчаси самарасиз. Барибир асл ўзлигимда бор феълларим намоён бўлавеяпти. Айниқса, ижтимоий тармоқларда фаол бўлганинг сари ўзлигинг бошқаларга намоён бўлиб бораверар экан. Тўғри, ҳамма ҳам ўзи ожиз деб ҳисоблайдиган томонларини кўрсаткиси келмайди, лекин кези келса, бунинг намоён бўлишидан қўрқмаслик керак, менимча. Имкон борича ҳамиша аслингиз каби кўринишга ҳаракат қилаверишингиз керак, кам бўлмайсиз.

10-03-2016

Саломатлик ҳамма нарсадан муҳим экан. Танангда хасталик бўлса, фикринг ҳам чалғийди, иштиёқинг йўқолади. Хасталикнинг биргина яхши томони соғломлик пайтингнинг қадрини билдиради, шукроналик ҳиссингни орттиради. Одамзод барибир ожиз банда. Ҳадеб ўзини ўтга-чўққа уриб танасига азоб бериши яхшиликка олиб келмайди.

25-02-2016

Жамият равнақи учун маълум бир ишга ёндошар экансан, ўзига хос масъулиятни сезиш керак бўлади. Сен хоҳлаётган ўзгариш жамият учун қанчалик фойдали, уни амалга ошириш бўйича реал таклифларинг борми ва асосийси, шу ўзгаришларни қилишга қанчалик ҳиссангни қўша оласан? Шу саволларга жавобинг тайёр бўлсагина ташаббусни бошла экан. Ўз тажрибамда шуни синаб кўряпман. Барча саволларга ҳам ижобий жавоб бера олмадим. Бунинг учун кўп вақтимни ажратишим керак экан. Афсуски, бунга айни вақтда имконим йўқ. Шунинг учун маълум муддатда ўзгаришлар қилиш ҳақида ўйлашни ва бу борада мунозарага киришишни тўҳтатиб тураман.

31-01-2016

Ўқитувчилик қонимда бор. Бугун илк бор оманлик талабалар билан ўқитувчи сифатида учрашдим. самимий муҳит ташкил қилишга ҳаракат қилдим. Истардимки, ҳар бир талабалар предмет бўйчи тушунмаганларини беҳижолат сўрайверишсин. Албатта, маълум ҳурмат масофасини сақлага ҳолда. Қани кўрамиз, бу ердаги педагоглик фаолиятим қандай кечаркин...

26-01-2016

Баъзида фикрларингни ёзгинг келади. Тугал ҳолатда уларни етказмоқчи бўласан. Афсуски, бунга маҳоратинг етмайди. Кўп ишларни режалаштирасан. Уларни амалга ошириш борасидаги имкониятларингни чамалайсан. Ҳаммаси бинойидек кўринади. Ялқовлик қилмасанг барчасини бажарадигандексан. Лекин кунлик режаларинг чала-чулпа бажарилаётганини кўриб ҳайрон қоласан. Секин-секин ўзингга ишончсизлигинг орта бошлайди. Балки ортиқча ишларни режалаштиргандирман дейсан. Қиладиган ишларингга кўз ташлайсан. Яна ҳаммаси бинойидек, мураккаб нарсанинг ўзи йўқ. Шунда асл сабабни топгандай бўласан. Ҳамма гап иродангда. Иқтидоринг, уқувинг ва имкониятинг шу ишларни амалга ошириш учун етади. Ироданг сустлиги, қатъият билан ишга кириша олмаётганинг сабабли режаланган ишларингни ортга суриб бораётган бўласан. Ўзингни қўлга олиб, ҳозирги шароитнинг қадрига етиб кўп нарсаларни қилиб олишинг кераклигини тушунасан. Иродангни мустаҳкам қил, қатъият билан, ишонч билан, ғайрат билан олдингга қўйган мақсадларинг сари интил...

02-11-2015

Мана Ўмонга келганимга 3 кун бўлди. Лекин дарров уйдагиларни соғиндим. Интернет орқали уланишнинг иложи бўлмаяпти. Хаёлимда дадамнинг хавотирли юзи. Аям анча кўникиб қолган, балки менга шунчаки билдирмас. Бобуржон ўзига келиб қолди шекилли, электрон почтадан ҳар ҳолда жавоб ёзиб юрибди. Эшитганим қизим Бонухоннинг овози бўлди. Масқат марказидан сал узоқроқда жойлашган Султон Қабус университети кампусининг атрофи энди обод бўляпти экан. Янги қурилишлар жуда кўп. Яқин йилларда бу ерлар янада обод бўлиб кетса керак. Аллоҳ шу кунларни оила билан бирга кўришликни насиб айласин.

30-10-2015

Мана энг узоқ муддатга сафарга кетяпман. Бир йил давомида ота-онангни кўрмаслик, фарзандларинг бошини силай олмаслик барибир кўнгилни ғаш қилар экан. Ўғлим Бобуржон анча таъсирчан бўлиб улғаймоқда. Бобосидан ўтган шекилли. Бугун мен билан хайрлашгани юраги чопмади. Кичик хонага беркинганча йиғлаб кузатди. Ота-онам билан хайрлашиш ҳам оғир бўлди. Имкон қадар билдирмасликка ҳаракат қилдим. Бемор холамга телефон қилиб хайрлашгани юрагим кўтармади. Пессимистик овозни эсимдан чиқаришим қийин бўларди. Аллоҳ паноҳида асрасин!